Хоразмдан Тошкентга кетаётган норозиларни автобусга тиқиб, номаълум томонга олиб кетишди
23 сентябрь куни Хоразмдан Тошкентга пиёда юриш бошлаган хоразмлик журналист Маҳмуд Ражаб ва унинг яқинларини автобусга босиб, номаълум томонга олиб кетишди.
Блогер @Shabnam Olloshkurova нинг Фейсбук саҳифасидаги маълум қилинишича, журналист ва унинг яқинлари Тошкентга бориб, Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов билан шахсан учрашиш мақсадида 22 сентябрь куни юриш бошлаганди.
Маҳмуд Ражаб Туркиядан шоир Муҳаммад Солиҳ китобларини Ўзбекистонга олиб келгани учун контрабандада айбланиб, 5 ойдан бери терговга қатнамоқда.
Маҳмуд Ражабнинг қариндошларидан бирининг айтишича, соат 12га яқин юриш иштирокчиларининг барчасини автобусга тиқиб, номаълум томонга олиб кетишган.
"Бугун уларга ҳужум қилган ўша аёллар яна уларга ташланиб, телефонларини олишмоқчи бўлишди. Бироқ олиша олмади. Шу орада улар олдига шаҳарда йўловчи ташувчи автобуслардан бирини олиб келиб, йўлини тўсишди. Шу атрофда юрган гражданский кийимдаги одамлар Маҳмуд акани ва у ердаги барча одамни қўлидан судраб, мажбурлаб автобусга чиқаришди. Менимча ҳаммасининг телефон рақамини олиб қўйишган. Ҳеч кимнинг телефони ишламаяпти", деди воқеа жойида бўлган йигит.
23 сентябрь куни маҳаллий вақт билан соат 11лардан ўтганда блогер @Shabnam Olloshkurova нинг Фейсбук саҳифасидаги жонли чиқишлар тўхтади.
Юриш иштирокчилари борасида ҳозирча бошқа маълумот йўқ.
Маҳмуд Ражаб ким?
Маҳмуд Ражабнинг Фейсбук орқали маълум қилишича, сўнгги 3 кун ичида ички ишлар ходимлари уйига бостириб келиб, уни олиб кетишга ҳаракат қилишган.
2019 йилнинг 30 апрель куни “Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси томонидан М. Раджаповга (Маҳмуд Ражаб) нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 246-моддаси 1-қисми (Контрабанда) билан жиноят иши қўзғатилган эди.
Бу модда бўйича айбли деб топилса, журналист беш йилдан ўн йилгача бўлган қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.
Маҳмуд Ражаб ўзига қўйилган бу айбловни шу йилнинг март ойида Туркиядан мухолифат етакчиси ва шоир Муҳаммад Солиҳнинг китобларини Ўзбекистонга олиб келгани билан боғлайди.
Маҳмуд Ражаб Тбилисидан Истанбул орқали шоир Муҳаммад Солиҳ асарларини олиб келаётганида Тошкент аэропортида тақиқланган адабиётлар сифатида китоблар олиб қўйилган эди.
Маҳмуд Ражаб, Муҳаммад Солиҳни ватанга қайтаришни сўраб президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат билан чиққан ўзбек журналистидир.
Бир йил илгари, 2018 йилнинг 29 майида шоир Маҳмуд Ражаб ва яна уч нафар шахс Муҳаммад Солиҳ расми билан тушган суратини тармоққа қўйгани учун прокуратурага чақирилган эди.