Туркиялик собиқ генерал уйида ўзбекистонлик Нодира Қодированинг фожеали ўлимида шубҳалар кўпаймоқда
23 ёшли ўзбекистонлик Нодира Қодированинг Анқарадаги фожиали ўлими билан боғлиқ вазият назоратга олинган деб хабар қилди Анқарадаги ўзбекистон элчиси.
Эслатиб ўтамиз 23 сентябрь оқшомида Туркияда ҳукмрон Адолат ва тараққиёт партиясининг парламентдаги депутати, истеъфодаги генерал Ширин Уналнинг Анқарадаги уйида ўзбекистонлик Нодира Қодирова ўз жонига қасд қилганди.
«Анқара шаҳри прокуратураси маълумотига кўра, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Хусусан, гувоҳлар сўроқ қилинмоқда, телефон суҳбатлари ва электрон ёзишмалар мазмуни ўрганиляпти», — дейилади Ўзбекистон ТИВ хабарида
Нодира Қодированинг яқинлари марҳуманинг зўрланганини тахмин қилаётган бир пайтда прокурор уни фоҳишаликда гумон қилган.
Ушбу масала Туркия парламенти кун тартибига киритилди. Туркия парламентидаги мухолиф партия депутати Сера Кадигилнинг сўзларига кўра, «жамоатчилик кўнгилсиз ҳодиса ҳукмрон партия депутатининг уйида содир бўлгани боис ёпди-ёпди қилиняпти, деган фикрга бормоқда».
Марҳума ўз жонига қасд қилган вақтда депутат Ширин Унал ўз уйида бўлган. Бироқ у бўлиб ўтган воқеалар хусусида ОАВнинг саволларига жавоб беришни истамаган.