Ўзбекистонлик қизни Туркия депутати уйида ўз жонига қасд қилгани рост-ми?
Туркиянинг нафақадаги генерали Ширин Уналнинг уйида оқсоч бўлиб ишлаётган 23 яшар ўзбекистонлик Нодира Қодирова генералнинг тўппончаси билан ўзини отиб қўйгани тўғрисидаги баҳслар давом этмоқда.
Туркияда ҳукмрон Адолат ва тараққиёт партиясининг парламентдаги депутати, истеъфодаги генерал Ширин Унал
ўша куннинг ўзидаёқ ҳуқуқ органларига воқеа юзасидан тушунтириш берган. Аммо у оддий полиция офицерига эмас, бош прокурор ўринбосарига кўрсатма беришни хоҳлаган ва бош прокурор ўринбосари ўша оқшом генералнинг уйига келган.
Кун.уз сайтига кўра, Ширин Унал ўз кўрсатмасида, жумладан, шундай дегани айтилмоқда:
«Қизимдек бўлиб қолган Нодира Қодированинг хатти-ҳаракатлари охирги 2-3 ойда ўзгариб қолганди. У бир йиғлаб, бир куладиган бўлиб қолгач, уни шифокорга олиб боришган ва руҳий муолажа бошлашган эди».
Лекин, таъкидлаш жоиз, марҳумнинг акаси Муҳаммад Али синглисида психологик даволанишга эҳтиёж бўлмагани, у университетга кириш учун тайёргарлик кўраётган бўлганини айтганди.
Нашрга кўра, Унал воқеалар ривожини қуйидагича ҳикоя қилиб берган:
Ётоқхонасидаги шкафда тўппонча йўқолиб қолганини пайқагач, бу ҳақда қизидан сўраган. Қизи тўппончани кўрмаганини айтгач, депутат қизи билан бирга Нодиранинг хонасига чиқиб, ундан ҳам сўраган. Бу саволни эшитган Қодированинг ҳаракатларида безовталаниш сезилган, у ўз хонасидаги шкаф тортмаларини очиб: «Қаранг, йўқ-ку. Сизнинг нарсангиз билан менинг нима ишим бор», деган.
Шундан сўнг депутат: «Қара, акангга телефон қиламан. Унга жавоб берасан», деган ва телефонини олиш учун пастки қаватга тушган. Шу пайтда Нодира Уналнинг қизини хонадан итариб чиқариб, эшикни ичкаридан қулфлаб олган. Қизнинг «буёққа келинг, дада, тезроқ» деганини эшитган депутат зинадан чиқишда ўқ овозини эшитган.
Сўнг улар эшикни бузишга уринганлар. Оча олмагач, полиция чақиришган. Тез орада етиб келган полициячилар эшикни синдириб очишган. Бу вақтда Нодира ҳали ҳаёт бўлган, уни дарҳол касалхонага олиб чиқиб кетишган.
полиция Қодированинг хонасидаги барча ашёларни, жумладан унинг кундаликларини ҳам олиб кетган. Маълум бўлишича, генералнинг уйида учта қурол бўлган, баъзи чалкашликларга айни шу омил сабаб бўлаётган бўлиши мумкин. Уйдаги барча шахсларнинг бармоқ излари олинган.
Барча, шу жумладан Ширин Уналнинг тўшакда ётган хотини ҳам кўрсатма берган. Фақат, бу уйда хизматчилик қилиб келган бошқа бир ўзбекистонлик ишчи турк тилини билмаслиги боис ўша вақтнинг ўзида таржимон топишнинг имкони бўлмагани ва ундан икки кун ўтгач кўрсатма олингани айтиляпти.
Прокуратурадаги манба, шунингдек, суд-тиббий экспертизаси хулосаси атайлаб тез олингани ҳақидаги гумонларни инкор этиб, барча жараёнлар белгиланган тартибда амалга оширилганини маълум қилган.
Ширин Унал эса, хабар қилинишича, Қодированинг акаси айтаётган иддаолардан ҳайрон. Депутат марҳумнинг Лайло Ниёзова исмли дугонаси борлигини умуман билмаслигини ҳам қўшимча қилган.
Эслатиб ўтамиз, Лайло Ниёзова дугонаси билан телефонда гаплашганида у хўжайинининг тўппончасини топиб олгани, битта ўқни пойабзалига яшириб қўйгани ҳақида гапириб берганини айтган эди. Шунингдек, Ниёзовага кўра, Нодира 17 сентябрда Лайлонинг олдига келмоқчи бўлган, аммо Уналнинг қизи бунга ижозат бермаган деб келтиради Кун.уз.
Аммо сўнгги хабарларга кўра, Нодиранинг ўлимида бир неча шубҳали ҳолатлар мавжуд.
Спутник сайтининг хабар қилишича, биринчидан унинг акаси Муҳаммад Қодиров воқеа жойига етиб келганнида нега уни ичкарига киритишмаган ва касалхонада ҳам кўришга рухсат беришмаган?
Иккинчидан, шунингдек, Нодиранинг ўлимини суриштириш учун ўз ихтиёри биланн иш бошлаган кўнгилли адвокат Мюйде Тозбей ушбу ишда тергов амалиётига зид равишда кўплаб хатога йўл қўйилганини айтмоқда:
Нега Нодиранинг атрофида бўлган кишиларнинг бармоқ излари олинмаган?
Нега Нодиранинг танасида бўлган қўл излари ва бошқа излардан намуна олинмаган?
Нега Нодира танасида ДНК ва жинсий алоқа излари текширилмаган?
Нега унинг хонасидан, ДНК, соч ва қўл излари, шубҳали предметлар олинмаган?
Нодира вафот этган ҳолатининг техник жиҳатлари: отиш бурчаги, масофалари ўрганилмаган;
Нодира ўлимидан кейин олинган суратда нега қурол журнал ичида, бунинг сабаби аниқланмаган.
Эслатиб ўтамиз, ушбу ишда Туркия полицияси журналистларга ҳеч қандай қўшимча маълумот бермаган. Депутат Ширин Унал ҳам Бош прокурорга берган кўрсатмасидан бошқа маълумот хабар қилмаган.
Нашр хабарига кўра, айни дамда Нодира Қодированинг жасади Ўзбекистонга олиб келинган ва суд-тиббий экспертизаси ўтказилмасдан дафн этилган. Унинг қариндошлари журналистлар билан алоқа қилишдан воз кечишмоқда.
Туркиялик собиқ генерал уйида ўзбекистонлик Нодира Қодированинг фожеали ўлимида шубҳалар кўпаймоқда