Токиода Шавкат Мирзиёев ва Синдзо Абэ учрашуви бўлиб ўтди
(last modified Thu, 19 Dec 2019 18:02:08 GMT )
декабр 19, 2019 23:02 Asia/Tashkent
  • Токиода Шавкат Мирзиёев ва Синдзо Абэ учрашуви бўлиб ўтди

Шавкат Мирзиёевнинг Японияга ташрифи асосий тадбирлари 19 декабрь куни Токиода бўлиб ўтди. Кантэй қароргоҳида расмий кутиб олиш маросими бўлди. Ўзбекистон раҳбарини Япония Бош вазири Синдзо Абэ кутиб олди.

Кун. уз  сайтига кўра, Япония ҳукуматига Ўзбекистондаги ислоҳотлар ва иқтисодий модернизацияни қўллаб-қувватлаётгани, шунингдек, юқори малакали кадрлар тайёрлашга кўмаклашаётгани учун миннатдорлик билдирилди.

Учрашувда конструктив сиёсий мулоқотни давом эттириш йўналишлари кўриб чиқилди. Долзарб халқаро аҳамиятга молик масалалар бўйича томонларнинг ёндашувлари яқинлиги қайд этилди.

Парламентлараро алоқалар, жумладан, Япония парламентидаги Ўзбекистон билан дўстлик лигасининг фаол иштироки доирасида жонлангани мамнуният билан қайд этилди.

Икки мамлакат етакчилари ўзаро савдо ҳажмини янада ошириш, инвестициявий, технологик, молиявий ва молиявий-техник ҳамкорликни кенгайтиришни таклиф этдилар.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Японияга ташриф доирасида бўлиб ўтган ишбилармонлик тадбирларининг натижалари катта мамнуният билан тилга олинди.

Шавкат Мирзиёев ва Япония Бош вазири Синдзо Абэ Ўзбекистон билан Япония ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш тўғрисидаги Қўшма баёнотни имзолади.

Икки мамлакат ҳукуматлари ўртасида солиқ ва божхона соҳаларидаги ҳамкорлик, шунингдек, йирик инвестициявий ва инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича имзоланган битимлар алмашилди. 

Булардан ташқари, Ўзбекистон делегацияси ташрифи доирасида иқтисодиёт, саноат, туризм, илм-фан, инновациялар, ахборот-коммуникация технологиялари, меҳнат миграцияси, таълим ва спорт соҳаларида, ҳудудлар ўртасида ҳамкорлик бўйича ўндан зиёд ҳужжат қабул қилинди.

Ёрлиқ