Ўзбекистон Бош прокуратураси Фарғона ҳокимига интизомий чора қўллаш учун ҳукуматга хат юборган
(last modified Mon, 30 Dec 2019 10:41:39 GMT )
декабр 30, 2019 15:41 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон Бош прокуратураси  Фарғона ҳокимига интизомий чора қўллаш учун ҳукуматга хат юборган

Фарғона вилояти ҳокими, сенатор Шуҳрат Ғаниевга тегишли ҳамда таҳдид мазмунидаги тарқалган аудиоёзувдаги ҳолатлар бўйича Бош прокуратура томонидан терговга қадар текширув ўтказилгани хабар қилинганди.

Дарё сайтининг хабар қилишича, ижтимоий тармоқларда Қува тумани автошоҳбекати ёнидаги автомобиль йўлида тўпланиб турган тахминан 20—30 нафар фуқаролар томонидан электр ва газ таъминотида узилишлардан норозилик билдирилаётганлиги акс этган видеолавҳа тарқалган.

Вилоят ҳокимлигида ўтказилган селектор йиғилишида Шуҳрат Ғаниев Қува туманидаги ҳолат бўйича туман ҳокимига юзланган ҳолда муомала маданиятидан четга чиқиб, таҳдидий ва қўпол сўзлар ишлатган. Ушбу ҳолат номаълум шахс томонидан ёзиб олиниб, тарқатилган.

«Терговга қадар текширувда 2 декабрь куни бўлиб ўтган селектор йиғилишида Шуҳрат Ғаниев таҳдидий ва қўпол сўзларни ишлатганлиги аниқланди», — дейилади Бош прокуратура ахборотида.

Шуҳрат Ғаниевнинг сўзларида инсон ҳаётига ва соғлиғига тажовуз қиладиган реал таҳдид, яъни уларни амалга оширилишидан хавфсираш учун асослар мавжуд эмаслигини инобатга олиб, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят-процессуал кодекси талаблари асосида жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақида қарор қабул қилинган.

«Бироқ Шуҳрат Ғаниев давлат ҳокимияти ва бошқаруви органи мансабдор шахси бўла туриб, Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг одоб-ахлоқ намунавий қоидалари талабларини бузганлигини инобатга олиб, унинг интизомий жавобгарлиги масаласини кўриб чиқиш учун Вазирлар Маҳкамасига хат юборилди», — дея қўшимча қилинган Бош прокуратура ахборотида.

Ёрлиқ