Ӯзбекистон ӯтган ҳафта давомида
"Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида” рукнида 2019 йилнинг 30 декабр –2020 йилнинг 5 январ кунлари ушбу мамлакатда юз берган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий воқеалар тӯғрисида сизга маълумот берамиз.
Дастлаб муҳим мавзуларнинг қисқача шарҳи билан танишинг:
- Мирзиёев ўзбекистонликларни Янги йил билан табриклади.
- Абдулазиз Комилов: «Хабар келди, толибон урушни тўхтатишга тайёр».
- Майкл Помпеонинг Ўзбекистонга сафари қолдирилди.
- 1700 нафардан ортиқ Ўзбекистон фуқароси халқаро қидирувга берилган.
- 2020 йил бошида марказий газеталар қанча тиражда чоп этилди?
- Блогер Нафосат Оллошкурова сайловдан сўнг руҳий шифохонадан чиқарилди.
- 2019 йилда ўзбекистонлик чақалоқларга энг кўп қайси исмлар қўйилганини биласизми?
Энди энг муҳим мавзуларнинг тафсилотига ӯтамиз:
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқига Янги йил табригини йўллади.
"Мана шу қувончли лаҳзаларда сиз, азизларни, кўп миллатли бутун халқимизни Янги йил байрами билан чин қалбимдан муборакбод этаман! Барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт тилайман!", дея бошлади давлат раҳбари ўз табригини.
Мирзиёев 2019 йил мамлакат учун унутилмас воқеаларга бой бўлганини, турли қийинчилик ва синовлар бошдан кечирилганини таъкидлади.
"Халқимизнинг фидокорона меҳнати билан "Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили"да улкан ютуқларга эришдик. Мамлакатимиз салоҳияти ва рақобатбардошлигини ошириш йўлида янги қадамлар қўйилди. Иқтисодиётимизнинг етакчи соҳа ва тармоқлари жадал ривожланмоқда. Юқори технологияларга асосланган замонавий корхоналар, янги транспорт
тизимлари ишга туширилмоқда. Миришкор деҳқон ва фермерларимиз, мураккаб об-ҳаво шароитига қарамасдан, мўл ҳосил етиштирдилар.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг йўл очилди. Йил давомида ҳудудларда аҳоли, айниқса, ёшларимиз, хотин-қизлар учун кўплаб янги иш ўринлари яратилди", - деди президент.
Давлат дастурлари асосида шаҳар ва қишлоқлар, юрт қиёфаси бутунлай ўзгармоқда. 2019 йилда минг-минглаб ўзбекистонликлар, жумладан, кам таъминланган оилалар шинам уй-жойларга эга бўлдилар.
Илм-фан, таълим ва тарбия соҳасида туб бурилиш даври бошланди.
Янги-янги боғча ва мактаблар, олий ўқув юртлари, етакчи хорижий университетларнинг филиаллари, шифохоналар, маданият ва спорт масканлари бунёд этилмоқда.
"Энг муҳими, одамларимизнинг ҳаёт даражаси, Ватан тақдирига дахлдорлик туйғуси, эртанги кунга ишончи тобора кучаймоқда. Жамиятимизда демократия тамойиллари, очиқлик ва эркинлик муҳити чуқур қарор топмоқда", - деди Мирзиёев ҳамда Олий Мажлис ва маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтган сайловлар буни яққол тасдиқлаганини қўшимча қилди.
Х Х Х
27 декабр куни Халқаро пресс клубнинг сайлов хулосаларига бағишланган навбатдаги сессияси бўлиб ўтди.
Унда Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари – Содиқ Сафоев, Ташқи ишлар вазири – Абдулазиз Комилов, Инсон ҳуқуқлари миллий маркази директори – Акмал Саидов, Марказий Сайлов комиссияси раисининг ўринбосари – Маҳмуд Истамов, Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори – Арипов Элдор Тахировичлар иштирок этди.
Сессияда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Афғонистондаги толибон ҳаракати урушни тўхтатишга тайёр эканини билдирди.

“Бугун эрталаб (27 декабр) хабар келди, Толибонлар уруш, қурол ишлатишни ва зўравонликни тўхтатишга тайёрлигини билдирди. Ушбу қарор Афғонистон ҳукумати билан тўғридан-тўғри музокараларни бошлашга йўл
очиб бериши мумкин. Бу масалани муҳокама қилиш учун икки томондан делегациялар шакллантирилади.
Бироқ, бу билан Афғонистонда тинчлик бирдан ўрнатилади деб бўлмайди, чунки музокаралар узоқ давом этади ва умид қиламизки, бир ечимга келинади. Шуни таъкидлаш ҳам керакки, Ўзбекистон афғон халқига ёрдам беришга ва тинчлик ўрнатиш жараёнларини қўллаб-қувватлашга ҳамиша тайёр“.
Х Х Х
Майкл Помпеонинг Ўзбекистонга сафари қолдирилди
АҚШ ТИВ раҳбари Майкл Помпеонинг Ўзбекистонга январь ойи бошида ўтказилиши режалаштирилган ташрифи қолдирилди.
Кун.уз сайтига кўра, «Ўзаро келишувга биноан, 2020 йил 5—6 январь кунларига режалаштирилган АҚШ давлат котиби Майкл Помпео бошчилигидаги делегациянинг Ўзбекистонга расмий ташрифи ва Тошкент шаҳридаги «Марказий Осиё—АҚШ» (C5+1) форматидаги вазирлар учрашуви бошқа санага қолдирилди.
Аниқ саналар дипломатик каналлар орқали келишилади»,дейилган Ўзбекистон ТИВ хабарида.
«Умид қиламанки, мен барибир бу режаларни бажараман. Украинага, кейин Марказий Осиёга бораман, у ердан Кипрга қайтаман.
Аммо мен Давлат департаменти ходимлари, Яқин Шарқдаги америкаликлар хавфсизлигини таъминлаш учун қаерда бўлишим керак бўлса ўша ерда бўламан. Бунинг учун сафаримни ўзгартиришга ёки кечиктиришга тўғри келса бу ишни қиламан», деган Помпео.
АҚШ Давлат департаменти раҳбари Майкл Помпео 29 декабрь куни твиттерида январнинг илк декадасида Шарқий Европа ва Марказий Осиёга турне уюштириши, 3 январь куни Украинадан бошланадиган сафар 7 январь куни Кипрда якунланиши ҳақида хабар берганди.
Х Х Х
Халқаро қидирувга берилган 1700 нафардан ортиқ Ўзбекистон фуқароларининг кўпчилик қисми терроризм, одам савдоси каби оғир жиноятларда айбланмоқда
Спутник сайти АОКАдаги “Ички ишлар органларида халқаро ҳамкорликни ташкил этиш фаолияти ва Интерполнинг Ўзбекистондаги Миллий марказий бюросига таяниб, хабар қилган.
“Айни вақтда 1 минг 700 нафардан ортиқ Ўзбекистон фуқароси халқаро қидирувга берилган ҳамда уларнинг кўпчилик қисми терроризм, одам савдоси каби оғир жиноятларда айбланмоқда”, - деди Интерпол Миллий марказий бюроси, ахборотларга тезкор ишлов бериш ва мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи Олимхон Эргашев.
Қайд этилишича, халқаро ҳамкорлик натижасида 2017-2019 йилларда 1 минг 402 нафар қидирувдаги шахс ушланган. Жорий йилнинг 11 ойида турли жиноятларни содир этгани учун республика ҳуқуқни муҳофоза қилувчи
органлари томонидан қидирилаётган 588 нафар шахс хорижий давлатларда қўлга олинган.
Х Х Х
"Газеталар шарҳи" 2020 йил 1 январь куни чоп этилган айрим марказий газеталарнинг тиражи ҳақида маълумот берди.
Унга кўра:
“Халқ сўзи” – 60.552;
“Ишонч” – 30.088;
“Маҳалла” – 24.300;
“Миллий тикланиш” – 12.931;

“Маърифат” – 8.750;
“Маданият” – 8.373;
“Тошкент ҳақиқати” – 8.355;
“Ишонч – Доверия” – 6.134;
“Правда Востока” – 5.121;
“Ҳуррият” – 5.100;
“Қишлоқ ҳаёти” – 4.917.
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” – 4.916;
“Ўзбекистон овози” – 2.015;
“Адолат” – 1.574;
“Тошкент оқшоми” – 1.162;
“Вечерний Ташкент” – 793.
“Ватанпарвар“ (3 январь) – 36.971;
“Народное слово“ — 14.056;
Х Х Х
Бир гуруҳ норозиларнинг Тошкентга юришини жонли равишда эфирга узатгандан сўнг руҳий шифохонага ётқизилган блогер Нафосат Оллошкурова Ўзбекистонда Парламент сайловлари ўтганидан сўнг касалхонадан чиқарилди.

Махсус комиссия Оллошкурова даволанишга эҳтиёжи йўқ деб топган.
"Бугун руҳий касалликлар шифохонасида ўтказилган тиббий экспертиза унинг саломатлиги яхшиланган, деб топган ва блогер янги йил байрамини ота-онаси ва жажжи қизалоқлари билан бирга кутиб олади", деб ёзди
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари "Эзгулик" жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов.
Нафосат Оллошкурова Тошентга ота-онаси ва 3 яшар икки эгизак қизларининг олдига қараб йўлга чиққанини онаси Холжон Давлатова Би-би-сига тасдиқлади.
"Дадаси билан телефонда гаплашибди. Эрталаб азонда етиб бораман, дебди", дейди Нафосатнинг онаси.
Кузатувчилар муросасиз блогер Ўзбекистонда парламент сайловлари тугаганидан сўнг озодликка чиқарилаётганига эътибор қаратишмоқда.
Би-би-си манбаларининг таъкидлашича, масъуллар блогер сайлов ўтгунча ушлаб турилишини, агар озодликка чиқарилса одамларни кўчага чиқариш хавфи борлигини айтишган.
Ушбу даъволарни расмийлардан тасдиқлашнинг имкони бўлмади.
Оллошкурова Facebookʼдаги саҳифаси орқали 23 сентябр куни адолат излаб Тошкентга, ИИВ вазири билан учрашиши учун яқинлари билан Хоразмдан пиёда йўлга чиққан шоир ва журналист Маҳмуд Ражабнинг ҳаракатларини ёритган эди.
Жонли тарзда эфирга узатилган видеоларда у номаълум аёллар томонидан ҳужум бўлганини айтган.
Шундан сўнг Хоразмда "Эрк" партияси фаоли, шоир ва журналист Маҳмуд Ражаб ва асосан унинг қариндошларидан иборат экани айтилган 20 кишидан ортиқ намойишчилар куч билан автобусга ўтқазилиб, номаълум томонга олиб кетилгани хабар қилинган.
Кейинчалик Маҳмуд Ражаб ва Нафосат Оллошкуроваларнинг 10 суткага қамалгани маълум бўлди. Қамоқ жазосини ўтагач, у руҳий шифохонага ётқизилган.
Ишига БМТ ва Халқаро ташкилотлар эътибор қаратган блогер
Президент Шавкат Мирзиёев даврида мустақил журналист ва блогернинг илк марта руҳий муолажага мажбурланиши қатор халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари томонидан қораланган.
Хоразмлик марҳум журналист Давлатназар Рўзметовнинг 22 октябр куни хабар қилишича, бу борада АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси мулозими ҳам хавотир изҳор қилдирган ва бу ҳақида АҚШ Конгрессига ҳисобот тайёрланаётганини билдирган.
22 октябр куни Би-би-си манбаси БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарлиги Нафосат (Шабнам) Оллошкурованинг ишини шаффоф тарзда кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)га мактуб ёзганини айтди.
Блогер иши БМТ эътиборига тушгач, ушбу комиссия ташкил қилингани билдирилди.
Омбудсман ўринбосари Санжар Хамидуллаев БМТ инсон ҳуқуқлари олий комиссарлиги томонидан мактуб ёзилганини инкор қилди.
Бироқ у Нафосат (Шабнам) Оллошкурова масаласини БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссарлигининг минтақавий раҳбари Ринрад Коменда Омбудсман Улуғбек Муҳаммадиев билан муҳокама қилганини тасдиқлади.
Қароргоҳи Нью-Йоркдда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (CPJ) 8 октябрда Оллошукуровага қарши қўлланилаётган чоралар зудлик билан тўхтатилиши ва у озод қилинишига чақирди.
Муросасиз блогер
Нафосат Оллошкурова муросасиз блогер сифатида таниқли бўлган.
Буни 21 октябрда интернетда Оллошкуровани сўроқ қилиш жараёни акс этган видеодан кўриш мумкин.
Қисқа видео Нафосат Оллошукурова ҳибсга олинган вақти, руҳий шифохонага ётқизилишидан аввал ёзиб олингандек кўринади.
Унда Нафосат очлик эълон қилганини билдиради.
"Мен суднинг қароридан норозиман. Менга қўйилган айбловлар ноҳақдан қўйилган. Мен очлик эълон қилдим", - дейди блогер.
Уни сўроқ қилаётган камера ортидаги шахс унинг очлик эълон қилиши соғлиғи учун зарар бўлиши ва жиддий оқибатларга олиб келишини айтади.
Қонуний тарзда норозилик билдириш сўралганда, Нафосат бунинг фойдаси йўқлиги, ҳамда қонунлар ва судяларга ишонмаслигини айтади.
"Сиз очлик эълон қилиб ўз жонингизга қасд эълон қилишни кўзлаб турибсизми?" деб сўраганида, Нафосат "зулмни тўхтатиш учун" бошқа иложи йўқлигини айтади.
Сўроқ қилаётган шахс ундан яна бир бор "Шу ерда очлик эълон қилиб жонингизга қасд қилмоқчимисиз?" деб сўрайди.
Бунга жавоб бермай, сукут сақлаган Нафосатга "сўз билан жавоб беринг" дейилади ва у "ҳа" дея жавоб қайтаради.
Нафосат ишини яқиндан кузатаётган, исми-шарифи очиқланмаслигини сўраган ҳамкасбининг Би-би-сига айтишича, "Жонингизга қасд қилмоқчимисиз?" дея қайта-қайта сўраш билан ички ишлар ходимлари Нафосатни руҳий касалхонага ётқизиш учун асос излашган.
Би-би-си билан суҳбатдан унинг онаси Холжон Давлатова: "Қийнаганлар уни, ўзи ундай гапирмайди", дея муносабат билдирганди.
Х Х Х
Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги Ӯзбекистонда 2019 йил давомида энг кўп қўйилган исмлар ҳақида маълумот берди.

Агентлик хабарига кўра, 2019 йил давомида Ўзбекистонда янги туғилган чақалоқларга Муҳаммадали ва Солиҳа исмлари энг кўп қўйилган.
Янги туғилган ўғил болаларнинг 11 305 нафарига Муҳаммадали исми қўйилган бўлса, қизларнинг 12461 нафарига эса Солиҳа исми қўйилган.