Тошкентда Шавкат Мирзиёев Жаҳон банки делегациясини қабул қилди
Кеча Тошкентда Ўзбекистон презиенти Шавкат Мирзиёев ва Жаҳон банки вице-президенти Сирил Мюллер бошчилигидаги делегация ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Дарё сайтининг хабар қилишича, Жаҳон банки гуруҳи дунё миқёсидаги етакчи молиявий институт бўлиб, мамлакатда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг янги дастурини амалга оширишда стратегик шерикдир.
Банк экспертлари Ўзбекистонда қишлоқ ва сув хўжалиги, геология, банк-молия ва солиқ, таълим соҳаларида модернизация ишларини самарали амалга оширишга доир таклифларни ишлаб чиқишда, инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини такомиллаштириш ҳамда бошқа устувор йўналишларда фаол иштирок этмоқда.
Бугунги кунда Жаҳон банки томонидан Ўзбекистонда амалга оширилган ва давом эттирилаётган лойиҳаларнинг қиймати 5,5 миллиард долларни ташкил этади.
Ўтган йили ушбу глобал молиявий институт умумий қиймати қарийб 1 миллиард доллар бўлган янги истиқболли лойиҳаларни маъқуллади. Навоий вилоятида қуёш электр станциясини қуриш бўйича кимошди савдоси, шунингдек, Вашингтон шаҳрида «Мамлакат платформаси» тақдимоти муваффақиятли ўтказилди.