феврал 18, 2020 16:50 Asia/Tashkent
  • Каримжан Суванов: Ҳимоячи орқали пулдан воз кечсангизлар болаларни бўшатамиз деб айттирган пайти ҳам бўлди.
    Каримжан Суванов: Ҳимоячи орқали пулдан воз кечсангизлар болаларни бўшатамиз деб айттирган пайти ҳам бўлди.

60 ёшдан ошган Қирғизистон фуқароси Ўзбекистон Давлат Хавфсизлик Хизмати 650 минг АҚШ долларини ноқонуний олиб қўйгани, фарзандини қамаб, қаттиқ таҳқирлашганини айтмоқда. Каримжон Суванов Президент Мирзиёев "энди Ўзбекистонга вагонлаб пул олиб келсангиз ҳам ҳеч ким индамайди", деган гапига ишониб нақд пул киритганини айтмоқда. Унинг таъкидлашича, барча далиллар бўлса ҳам суд ДХХ фойдасига ҳукм чиқарган.

Би-би-си Қирғиз хизматида чиққан мақолани таржима қилиб, чоп қиляпмиз:

Каримжон Суванов: Мен Жалолобод вилоятидан келдим. Қариндош ака - укалардан олтовлонмиз, биргаликда фирма очиб ишлаб юрамиз. Асосан Ўзбекистонга кўмир сотиб, у ердан ўғит, қурилиш материалларини олиб келамиз. Ўтган йили катта муаммога дуч келдик. Ўзбекистондан одатдагидек тонналаб ўғит оладиган бўлиб, 650 900 АҚШ долларини йиғдик. Ўзим Ўзбекистонда туғилиб ўсганман. Қирғизистонда ишлаб, анча йил аввал фуқаролигини олганман. Ўғлим Ўзбекистон фуқароси, ўша ерда яшайди. Пулни уч бўлиб, турли кунларда ўғлимникига йиғдик. Пул тўлиқ бўлганда, ўғлим олиб заводга йўл олади. Йўлда Ўзбекистоннинг махсус хизматлари (ДХХ) ўғлимни тўхтатиб, қўлини қайириб, ўзини қамаб пулини олиб қўйди. Бу 2019 йилнинг 12 июнида бўлган иш. Мен бу хабарни эшитганимдан кейин 13 июлдан бошлаб Ўзбекистонда бормаган ерим қолмади.

Каримжон Суванов: Судда мен ҳам гапирай десам, сиз бунгача айтгансиз, сизнинг пулингиз қонуний эканини, барчаси жойида эканини юқоридагилар ҳам билди. Гапиришингизнинг ҳожати йўқ деди. Ҳўп дедим.

Би-Би-Си: Ҳақиқатан ҳам сиз айтаётгандай бўлса, йирик миқдордаги пулни олдирган экансиз. Бу пулни Ўзбекистоннинг махсус хизмати ходимлари нима деб тортиб олишди?

Каримжон Суванов: Уларнинг жавоби ҳайратланарли. "Пулни Ўзбекистондан Қирғизистонга ноқонуний йўл билан олиб ўтмоқчи бўлгансизлар" дейди. Ўйлаб кўрсангиз, мен бу пулнинг барчасини Қирғизистон билан Ўзбекистоннинг "Дўстлик" чегарасига очиқ-ойдин, қонуний олиб борсам, нимага қайта у ердан ноқонуний, айланма йўл билан олиб ўтишга ҳожат бор? Агар бу пулни Қирғизистонга олиб ўтиш керак бўлса, унда у ерга юбормасдан иссиқ-юмшоқ Ақсидаги уйимда сақлаб ётавермайманми?

Би-Би-Си: Ҳақиқатан ҳам уларни қўяётган айбловларини рад этувчи қандай далилларингиз, ҳужжатларингиз бор?

Каримжон Суванов: Нима керак бўлса, барчаси қўлимда бор. Биринчидан, бу пулни чегара нуқтасидан олиб ўтдим. Яширмадим. Ҳаммасининг аниқ суммаси декларацияда кўрсатилган. У декларацияларнинг асл нусхасини йўқотиб қўймай деб, қўлимдан туширмай ушлаб ўтирибман. Иккинчидан, ўша пулларни Ўзбекистонга олиб боргунча менинг у ердаги заводга ер ўғитлари нархлари, сотиб олиш тўғрисида ёзган хатим, уларни ҳисоблаб, шунча сумма бўлади, деб фирма қоғози билан юборган расмий хати қўлимда турибди.

Каримжон Суванов: Бунгача суд ҳаками декларациянгиз борми деб сўраган эди. Бу ҳужжат йўқолса, мен ҳеч нарсани исботлай олмай қоламан, мен қўлимдан туширмай ушлаб туриб кўрсатаман деб уларга ҳам кўрсатганман.

Би-Би-Си: Бунча катта миқдордаги пулни хавфга қўймай, банк орқали юборса бўлармиди?

Каримжон Суванов: Бўларди. Бунгача биз шундай ишлаб келганмиз. Бироқ, бу йўл билан ишласанг, оворагарчилиги жуда ҳам кўп. Пулни банк орқали жўнатганинг билан хоҳлаган куни, хоҳлаган вақтда керакли миқдордаги пулни дарҳол ололмайсан. Жуда кечикади, ташвиши кўп. Тадбиркорга бу катта тўсиқ. Ўзбекистон Президенти "шунинг барчасини ўзгартамиз, четдан келган тадбиркор, инвесторларнинг маблағини ҳимоя қиламиз, керак бўлса вагонлаб пул олиб кираверинглар" деган мурожаатидан кейин яхши бўлган экан,  деб шу йўлни танлаган эдик.

Каримжон Суванов: Пулни уч бўлиб, уч бошқа куни ўғлимникига тўпладик. Пул тўлиқ бўлганда, ўғлим олиб заводга йўл олади. Йўлда Ўзбекистоннинг махсус хизматлари (ДХХ) ўғлимни тўхтатиб, қўлини қайириб, ўзини қамаб пулини олиб қўйди.

Би-Би-Си: Қўпол қонунбузарлик бўлаётгани ҳақида ариза билан судга мурожаат қилдингизми?

Каримжон Суванов: Ҳа, мурожаат қилдим. Ўшдан ҳимоячи ҳам ёлладим. Икки марта суд бўлган. Кейинги суд йигирманчи ноябрда бўлади деб юриб, ундан олдинроқ бўлишини билдик. Ўн бешинчи ноябрда суд бўлди. Судда мен ҳам гапирай десам, сиз бунгача айтгансиз, сизнинг пул қонуний эканини, ҳаммаси жойида эканини юқоридагилар ҳам билди. Гапиришингизнинг ҳожати йўқ деди. Ишондим. Унгача суд ҳаками декларациянгиз борми деб сўраганди. Бу ҳужжат йўқоладиган бўлса, мен ҳеч нарсани исботлаёлмай қоламан, мен қўлимдан туширмай ушлаб туриб кўрсатаман деб уларга ҳам кўрсатганман. Ўша сўнгги судда ҳакам маслаҳатлашгани кириб кетишди, ҳаммаси яхши бўлаётганди. У ерда ишлайдиганлардан ҳам келиб, бизнинг адвокатларни табриклаб, сизлар судда ютдингизлар, ҳозир пулни ҳам оласизлар, қўлга олинган болалар ҳам бўшатилади деб кетган. Унгача суд ҳаками чиқиб, пул мусодара қилинсин, йигитлар беш йилга қамалсин деб ҳукмни ўқиб, чиқиб кетди. Ҳайрон бўлиб қолдик.

Ўзбекистонда йирик миқдордаги пулимни олдириб қўйганини айтаётган тадбиркор Каримжон Суванов

Би-Би-Си: Ўғлингизни қўлга олган пайтда у ёлғиз эмас экан, ёнида кимлар бор эди ва улар кимлар?

Каримжон Суванов: Ўғлим, поччаси ва ўша қишлоқлик ҳайдовчи. Ҳаммаси Ўзбекистон фуқаролари. Ўғлим билан поччаси қаерга кетаётганини билса ҳам, ҳайдовчи керак бўлса мошинада шунча пул олиб кетаётганини билган эмас.

Би-Би-Си: Суд адолатсиз бўлди деяпсиз. Энди бундан кейин нима қилмоқчисиз?

Каримжон Суванов: Нима ҳам қила оламан? Адолатсизлик ичимизни тирнаб, иложимиз қолмади. Бу пуллар ёлғиз меники эмас. Қариндошларники, ҳар кимдан қарзга олган маблағ эди. Ҳозир қарзга ботиб қолдик. Суянадиганимиз давлатимиз, давлатимиз бизни ҳимоя қилмаса, бошқа ким ҳимоя қилади. Мен илтимос қилиб, мурожаат қиляпман. Ўзбекистонда суд адолатсиз ўтди. Адвокат орқали пулдан воз кечсангизлар болаларни бўшатамиз деб айттирган пайт ҳам бўлди. Бу қўл силтаб кетадигандай 65 сўм (1 доллар) эмасда? Ўғлимнинг биринчи ёзган тушунтириш хати умуман бошқа. Унда бўлган нарсани бўлгандай ёзган экан, кейин уч кун бўйи уришиб, умуман бошқа тилхат ёздириб олишибди. Унинг барчаси судда ҳам маълум бўлди. Нима ҳам қила оларди, суянадигани йўқ деб хоҳлаганини қилишаётганга ўхшайди...

Би-би-си Ўзбек таҳририятидан:

Каримжон Сувановнинг апелляцион тартибда ёзган шикоятини Жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят судьяси Б. Бобомирзаева 2019 йилнинг 17 декабрида ўзгаришсиз қолдирган. Суванов Олий судга шикоят қилмоқчи. Тадбиркорнинг айтишича, унинг ўғлини ДХХ чегарада эмас, балки чегарадан 20 чақирим узоқликда бўлган Наманган вилоятининг Янгиқўрғон туманида Фарғонага кетаётганда қўлга олган. Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Олий суди ва ДХХга боғлана олмадик. Би-би-си Ўзбекистон расмий идораларининг бу борада фикрини беришга очиқ.

Ёрлиқ