Қашқадарё вилоят прокуратураси олдида аёл киши ўзини ёқиб юборди
(last modified Thu, 20 Feb 2020 12:24:36 GMT )
феврал 20, 2020 17:24 Asia/Tashkent
  • Қашқадарё вилоят прокуратураси олдида аёл киши ўзини ёқиб юборди

Кеча ижтимоий тармоқлар ва айрим сайтларда Қашқардарё вилояти прокуратураси биноси олдида аёл киши ўзига ўт қўйганига оид хабарлар тарқалди. Бош прокуратура матбуот хизмати мазкур хабарга изоҳ берди.

Бош прокуратура жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Ҳаёт Шамсутдинов томонидан тақдим этилган маълумотга кўра, куйганлиги эътироф этилаётган фуқаро О.М. ва унинг оила аъзолари Косон туманидаги МЧЖга қарашли ер майдонининг бир қисмини бирон-бир ҳужжатсиз эгаллаб, ноқонуний қурилиш амалга оширишган.

Даъвогар МЧЖ раиси С.Б. жавобгар О.М.ни оила аъзолари билан жамиятга қарашли ер майдонидан мажбурий тартибда чиқариш, ноқонуний қурилмаларни жавобгарлар ҳисобидан буздириш ва тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилмаслик мажбуриятини юклаш ҳақида фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилган.

Фуқаро О.Мустафоев ва унинг оила аъзолари суд томонидан қонуний қарор қабул қилинишини кутмасдан ушбу ҳолат бўйича Қашқадарё вилоят прокуратурасига мурожаат қилишган.

Вилоят прокуратураси томонидан О.Мустафоевга низо фуқаролик суддида мазмунан кўриб чиқилаётгани, ҳолат бўйича барча важларига суд муҳокамаси жараёнида баҳо берилиши ҳақида қонуний тушунтиришлар берилган.

Бундан ташқари, 18.02.2020 йилда ҳам О.Мустафоев оила аъзолари билан бирга вилоят прокуратурасида Косон тумани ҳокими иштирокида қабул қилинганида қурилишга 20 млн. сўм сарфланганлиги иддао қилинган. Туман ҳокими томонидан уларга қурилиш ноқонунийлиги ва бузилишини, аммо келгусида қонуний ер участкаси ажратилиши ва қурилишга ҳомийлик ёрдами кўрсатилиши тушунтирилган бўлсада, бу таклифни рад этишган.

Шундан кейин, О.Мустафоев ва унинг оила аъзолари 19 февраль куни эрталаб низоли уйда фуқаролик ишлари бўйича судья, эксперт ва мутахассислар томонидан ўлчов ишлари амалга оширилаётганлигидан норози бўлиб, вилоят прокуратурасига келишади. Ва ишни ўз фойдасига ҳал этиш мақсадини кўзлаб, вилоят прокуратураси биноси яқинида устига қисман ёқилғи сепиб, провокацион ҳаракатларни содир этишади.

РШТЁИМ вилоят филиалининг 19.02.2020 йилдаги маълумотномасига кўра, фуқаро О.Мустафоевнинг елка ва бўйин соҳасида 5-6 фоизли енгил куйиш жароҳати аниқланган.

Sof.uz