Арипов: Ўзбекистон ва Қозоғистон 500 млн долларлик 30 та келишув имзолашди
Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов қозоғистонлик ҳамкасби Асқар Мамин билан учрашувдан сўнг 25—26 февраль кунлари бўлиб ўтган Иккинчи минтақалараро ҳамкорлик форуми доирасида Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида умумий қиймати 500 миллион доллар бўлган 30 та келишув имзоланганини тасдиқлади.
Дарё сайтининг хабар қилишича, Абдулла Арипов 2019 йилда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми 4,1 миллиард долларга етганини таъкидлади. Икки мамлакатнинг жорий йилги мақсади ўзаро савдо ҳажмини 5 миллиард долларга етказиш ва ўрта муддатли истиқболда бу рақамни 10 миллиард долларга чиқариш ҳисобланади.
Ўзбекистон бош вазирининг сўзларига кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда Қозоғистон капитали иштирокида 827 та корхона фаолият кўрсатмоқда, уларнинг 300 дан ортиғи ўтган йилнинг ўзида тузилган.
Абдулла Арипов жорий йилда икки мамлакат ҳукуматлараро комиссия ва ишбилармонлар кенгаши йиғилишини ўтказиш кераклигини айтди. Шунингдек, бош вазир ҳар икки мамлакатда таълим кунларни ўтказишни, шунингдек, фан ва соғлиқни сақлаш соҳасида фаол ҳамкорликни давом эттиришни таклиф қилди.
Форумда сўзга чиққан Қозоғистон бош вазири Асқар Мамин қўшни мамлакатнинг Ўзбекистонга қатор таклифларини ҳам билдирди.
Хусусан, у Чимкентдаги «Онтустик» махсус иқтисодий зонаси негизида Қозоғистон—Ўзбекистон енгил саноат кластерини ривожлантириш бўйича ишларни давом эттириш ва Қозоғистоннинг Туркистон вилояти, шунингдек, Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хоразм вилоятларининг диққатга сазовор жойлари бўйлаб сайёҳлик йўналишини яратиш таклифини билдирди.
Асқар Маминнинг сўзларига кўра, Қозоғистон улгуржи савдо ва логистика марказлари тармоғини яратмоқда, бу маҳсулотларни етказиб бериш занжирини оптималлаштирмоқда ва уни сақлаш ҳамда тарқатиш учун зарур шарт-шароитларни яратмоқда.