Ўзбекистонлик зиёратчилар коронавирус сабабли Саудиядан олиб келинди
(last modified Mon, 09 Mar 2020 12:51:35 GMT )
март 09, 2020 17:51 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистонлик зиёратчилар коронавирус сабабли Саудиядан олиб келинди

Uzbekistan Airways коронавирус тарқалгани туфайли Умра сафарини амалга ошираётган 244 нафар ўзбекистонлик зиёратчиларни чартер рейс билан Саудия Арабистонидан олиб кетди. “РИА Новости”нинг ёзишича, бу ҳақда 8 март куни мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошидаги Санитария-эпидемиологик фаровонлик агентлиги вакили маълум қилди.

“Умра амалини бажараётган 244 нафар ўзбекистонлик чартер рейс билан Жидда шаҳридан Тошкентга олиб кетилди. Барча йўловчиларнинг тан ҳарорати икки марта текширувдан ўтказилди, коронавирус аломатлари топилмади”, — деган агентлик вакили.

Қайд этилишича, олиб кетилган фуқароларнинг барчаси яшаш жойида 2 ҳафта давомида шифокорлар назоратида бўлади.

Саудия Арабистони Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 8 март куни қиролликда коронавирусга чалинганлар сони 11 кишига етган.

Эслатиб ўтамиз, коронавирус тарқалгани сабабли Uzbekistan Airways 27 февралдан бошлаб Тошкентдан Жидда ва Мадинага бўлган барча қатновларни вақтинчалик тўхтатган эди. Бунга 25 та давлат, жумладан, Ўзбекистондан келган турист ва зиёратчиларининг Саудия Арабистонига кириши вақтинчалик ман этилгани сабаб бўлган.

Компания томонидан қисқа вақт ичида Ўзбекистон фуқароларининг Саудия Арабистонидан қайтиб келиши учун бир нечта қатновлар амалга оширилиши маълум қилинганди.