Ўзбекистонга олтита мамлакат фуқароларининг кириши чекланди
(last modified Sat, 14 Mar 2020 12:46:37 GMT )
март 14, 2020 17:46 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистонга олтита мамлакат фуқароларининг кириши чекланди

14 март куни 00:00дан бошлаб Ўзбекистон Франция, Испания ва  Британия билан авиалоқаларни тўхтатади. Ушбу қарор 12 март куни бўлиб ўтган Ўзбекистонга коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссияси йиғилишида қабул қилинди, дея хабар берди «Газета.uz»  ҳукуматдаги ахборот манбасига таяниб.

Худди шу кундан бошлаб чегара ўтказиш пунктлари орқали Хитой, Корея Республикаси, Италия, Эрон, Франция ва Испания фуқаролари ҳамда ушбу мамлакатларда доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслар, шунингдек, сўнгги 14 кун давомида мазкур давлатларга ташриф буюрган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистонга кириши вақтинча чекланади.

Жорий этилаётган чекловлар дипломатик ва хизмат паспорти эгалари, шунингдек, санаб ўтилган олти давлатда доимий истиқомат қилувчи, бироқ Ўзбекистонга ташриф буюрганга қадар 14 кун давомида ушбу мамлакатларга ташриф буюрмаган фуқароларга тааллуқли эмас.

Зарурат туғилган тақдирда, санаб ўтилган давлатлардан Ўзбекистон фуқароларини олиб келиш учун чартер рейслар ташкил этилиши мумкин.

Мавжуд маълумотларга кўра, вазирлик ва идораларга COVID-19 коронавирус инфекцияси билан боғлиқ эпидемик вазият барқарорлашгунга қадар раҳбарлар ва ходимларга чет эл сафарларини имкон қадар чеклаш тавсия қилинди.