Ӯзбекистон ӯтган ҳафта давомида
https://parstoday.ir/uz/news/uzbekistan-i51750-Ӯзбекистон_ӯтган_ҳафта_давомида
"Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида” рукнида жорий  йилнинг 13-19 апрел кунлари ушбу мамлакатда юз берган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий воқеалар тӯғрисида сизга маълумот берамиз.
(last modified 2021-09-20T14:57:20+00:00 )
апрел 20, 2020 12:18 Asia/Tashkent
  • Ӯзбекистон ӯтган ҳафта давомида

"Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида” рукнида жорий  йилнинг 13-19 апрел кунлари ушбу мамлакатда юз берган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий воқеалар тӯғрисида сизга маълумот берамиз.

Дастлаб муҳим мавзуларнинг қисқача шарҳи билан танишинг:

  1. Ўзбекистон Россияга гуманитар ёрдам юборди.
  2. ЕҲХТ Ўзбекистон қамоқхоналарига инсонпарварлик ёрдам кўрсатди.
  3. Ўзбекистонга хитойлик шифокорлар гуруҳи келди.
  4. Ҳаж-2020 мавсумига тайёргарлик ишлари кечиктирилади.
  5. Россияда 42 ўзбекистонлик коронавирусга мубтало бўлгани аниқланди.
  6. Мусулмонлар идораси 2020 йил учун закот нисобини эълон қилди.
  7. PepsiCo компанияси ССВга 1,6 млрд сўмлик наркоз-нафас олиш аппаратларини олиб берди.
  8. Андижонлик депутат 173 минг долларлик хайрия қилди.

Энди энг муҳим  мавзуларнинг тафсилотига ӯтамиз:

Ўзбекистондан Россияга юборилган беғараз ёрдам юкли самолёт Москванинг Шереметьево аэропортига қўнди. Бу ҳақда Россия Бош вазири ўринбосари Алексей Оверчук котибиятига асосан РИА Новости хабар қилди.

Ўзбекистон юборган гуманитар ёрдам COVID-19 коронавирусига қарши курашиш учун мўлжалланган 5 миллион тиббиёт ниқоби ва тиббиёт докасидан иборат.

Гуманитар ёрдам юборилган самолётни Шереметьево аэропортида Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси ва Россия Федерацияси иқтисодий ривожланиш вазирлиги вакиллари кутиб олди.

Алексей Оверчукнинг таъкидлашича, Ўзбекистон юборган гуманитар ёрдам биринчи навбатда пандемия билан курашаётган тиббиёт ходимларига йўналтирилади.

Х  Х  Х

Европадаги хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти коронавирусни олдини олиш мақсадида Ўзбекистон қамоқхоналарига инсонпарварлик ёрдамлар етказиб берди.

Ўзбекистондаги ЕҲХТ лойиҳаларининг мувофиқлаштирувчиси Жон Макгрегер коронавирусни олдини олиш мақсадида,  Ўзбекистон суд муассасаларига инсонпарварлик ёрдамлар еткзаиб берганини маълум этди.

18 минг 800 долар маблағидаги инсонпарварлик ёрдамлар, тиббий ниқоб, кийимлар, қўлқоплар, антибиотик, дизенфекция қиладиган моддалардан иборатдир.

Айни пайтда Ўзбекистонда ЕҲХТ лойиҳалари ижро этилмоқда.

Х  Х  Х

Дин ишлари бўйича қўмитага Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ҳаж ва умра ишлари вазирлиги томонидан Ҳаж-2020 мавсумига тайёргарлик ишларини кечиктириб туриш бўйича расмий мурожаат келди. Қўмита мурожаат юзасидан расмий баёнот берди.

Баёнотда айтилишича, Саудия Арабистони Подшоҳлигида коронавирус билан боғлиқ ҳолат қайд этилгани ҳукуматни кескин чоралар кўришга ундагани, шу муносабат билан дунёнинг турли мамлакатларидан Умра амалини адо этиш учун ташриф буюрадиган зиёратчиларнинг мамлакат ҳудудига кириши вақтинчалик тўхтатилгани, ҳозирча Ҳаж-2020 ташкилий ишларини амалга ошириш бўйича кутиб туриш мақсадга мувофиқ экани маълум қилинди.

Коронавирус туфайли Умра зиёратчиларининг Саудия Арабистонига кириши вақтинчалик тақиқланди

Шунингдек, ҳозирда Саудия Арабистони Подшоҳлиги ҳукумати ҳамда соғлиқни сақлаш идораларининг тавсияларига кўра, мамлакатда коронавирус инфекциясининг кенг тарқалишининг олдини олиш учун юқори даражадаги эҳтиёткорлик чоралари қўлланилаётгани, икки муқаддас Ҳарамда соғлиқни сақлаш ва хавфсизликни таъминлаш, профилактика ишлари кучайтирилди.

Шу муносабат билан, Саудия Арабистони Подшоҳлиги раҳбариятининг қарори асосида “Ҳаж-2020” мавсумининг ташкилий тадбирларини вақтинча тўхтатиб туриш ва вазият барқарорлашишини кутиш мақсадга мувофиқ деб топилган.

Расмий мурожаатда Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ҳаж ва умра ишлари вазирлиги мазкур жараён билан боғлиқ янгилик ва ўзгаришлар юзасидан Дин ишлари бўйича қўмитани қўшимча хабардор қилиши маълум қилинган.

Дин ишлар бўйчиа қўмита жорий йил Ҳаж сафарига боришни режалаштирган ва навбати етиб келган ватандошларимизга агар ҳаж мавсумига қадар Саудия Арабистонида коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият барқарорлашмаса, жорий йилги навбатлар тўлиқ сақланиб қолиши ҳамда кейинги йилга ўтказилишини таъкидлади.

Х  Х  Х

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати 1 грамм тиллонинг бугунги кундаги ўртача нархи 250 000 (икки юз эллик минг) сўм эканини эътиборга олиб, милодий 2020 йил (ҳижрий 1441 йил) учун ЗАКОТ нисобини (85 г. тиллодан) 21 250 000 (йигирма бир миллион икки юз эллик минг) сўм деб белгилади.

Мазкур қийматнинг қирқдан бири (1/40), яъни закот учун чиқариладиган қисми 531 250 (беш юз ўттиз бир минг икки юз эллик) сўмга тенг бўлади.

Шунга кўра, зарурий эҳтиёжидан ташқари бир йил давомида 21 250 000 (йигирма бир миллион икки юз эллик минг) сўмдан ортиқ маблағга эга бўлган мусулмон киши, жами маблағининг қирқдан бири (1/40)ни закот сифатида камбағал ва фақирларга бериши фарздир.

Х  Х  Х

 “Миллий тикланиш” партияси аъзоси бўлган “Grand farm trade” компанияси раҳбарияти томонидан бир миллиард олти юз эллик миллион сўмлик хайрия ёрдами кўрсатилди.

Коронавирус инфекциясини тарқалишини олдини олиш ва халқимизнинг эҳтиёжманд қатламини ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган хайрия тадбирларига ўз ҳиссасини қўшиш мақсадида “Grand farm trade” кампанияси ҳудудий филиали раҳбари, Халқ депутатлари Андижон вилоят Кенгаши депутати Қаҳрамонжон Отахонов бошчилигида компания раҳбарияти эҳтиёжманд оилалар, ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг бошқа ёрдамга муҳтож қатламларига озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бермоқда.

Айни пайтгача Тошкент вилоятининг мингта хонадонига жами беш юз эллик млн. сўмлик хайрия ёрдамлари тарқатилди.

Акция Тошкент, Андижон, Наманган вилоятларида ўтказилиши режалаштирилган.

Ҳар бир вилоятдан мингтадан хонадонга 300 минг сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари, 250 минг сўмдан пул, жами битта оилага 550 минг сўмлик ҳайрия ёрдамлари кўрсатилади.

Умумий ҳисоблаганда битта вилоятнинг ўзига беш юз эллик миллион сўм ҳайрия қилинади.

Бундан ташқари депутат Андижон шаҳридаги дорихоналарда эҳтиёжмандлар учун бепул дорилар бурчакларини ташкил этиб, намуна кўрсатган эди.