Ўзбекистон аниқланган коронавирус ҳолати бўйича минтақада иккинчи ўринга чиқди
Сўнгги тақдим этилган маълумотларга кўра, Марказий Осиё давлатларида жами 26 747 та коронавирус билан боғлиқ ҳолат қайд этилган.
Қозоғистон аниқланган ҳолат ва ўлим бўйича етакчилик қилмоқда. Мамлакатда бир сутка давомида 258 та янги ҳолат тасдиқланган. Касалланганларнинг умумий сони 14 496 нафарга етган. Шулардан 9114 нафари тузалиб кетган. Бир ҳафта давомида ўлим ҳолати 20 тага кўпайиб, ҳозирда 73 тани ташкил этмоқда.
Спутник сайтига кўра, Ўзбекистонда ўтган кун давомида 97 та янги ҳолат аниқланди. Шундан 85 таси карантин муассасаларида, 5 таси аҳоли орасида (3 та Қорақалпоғистон Республикасида, 2 та Тошкент шаҳрида), қолган 7 таси эса халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчилари орасида аниқланган. 2020 йил 15 июнь соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 5103 нафарни ташкил этмоқда Шу тариқа Ўзбекистонга минтақада аниқланган коронавирус ҳолати бўйича Тожикистонни ортда қолдириб, иккинчи ўринга чиққан. Шу вақтгача тузалганлар сони 3943 нафарга етди. Мамлакатда 19 та ўлим ҳолати кузатилган. Қайд этиш жоизки, бу бошқа давлатларга қараганда энг паст кўрсаткич
Тожикистонда ўтган кун давомида 69 кишида коронавирус аниқланган ва бирданига 130 киши дарддан фориғ бўлган. Коронавирус билан касалланганларнинг умумий сони 4971 нафарга етган. Шулардан 3288 нафари тузалиб кетишга муваффақ бўлган. Қурбонлар сони эса 50 нафарга етган.
Қирғизистонда жами 2286 киши коронавирус юқтириб олган, шулардан 438 нафари тиббиёт ходимлари. Ҳозирда 1791 киши COVID-19ни енгган. 27 нафар бемор вафот этган.
Туркманистонда эса ҳозирга қадар коронавирус расман қайд этилмаган ва у минтақадаги инфекциядан холи мамлакат бўлиб турибди.