Тошкентда қўлбола қадоқланган “Арбидол” савдоси билан шуғулланган гуруҳ ушланди
Фуқаро қайта сотиш мақсадида қўлбола усулда қадоқланган “Арбидол”нинг ҳар бир қуттисини 320 минг сўмдан олган. Сўнгра дорини 450 минг сўмдан сотаётганда қўлга тушган.
Спутник ахборот агентлиги тарқатган хабарга кўра, Тошкентда хорижда ишлаб чиқарилган ва қўлбола усулда қадоқланган “Арбидол” дори воситасининг ноқонуний савдоси билан шуғуланганлар аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати Sputnik нашрига маълум қилди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Яккасарой туман бўлими тезкор тадбир ўтказган. Унда фуқаро Ш. хорижда ишлаб чиқарилган ва қўлбола усулда қадоқланган “Арбидол” дори воситасини ҳар бир қуттисини 450 минг сўмдан ҳисоблаб, 40 қутисини харидорга 18 млн сўмга сотган вақтида ашёвий далил билан ушланган.
Терговга қадар текширувда аниқланишича, у дорини “Телеграм” дастуридаги дори воситаларининг олди-сотдиси билан шуғулланиш мақсадида очилган “Onp_uzb” номли канал орқали танишган И. ва С. исмли шахслардан қайта сотиш мақсадида ҳар бир қуттисини 320 минг сўмдан ҳисоблаб 40 қуттисини 1200 доллар ва 560 минг сўмга сотиб олганлигини баён этган.
Фуқаро Ш. пушаймонлик тўғрисида ариза билан мурожаат қилиб, унда фуқаро И. ва С.ларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларига чек қўйишда ёрдам беришини сўраган.
Ўтказилган тезкор тадбир давомида улар фуқаро Ш.га “Арбидол”нинг ҳар бир қуттисини 320 минг сўмдан ҳисоблаб, 110 қуттисини жами 35,2 млн сўмга сотган вақтида ашёвий далил билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан терговолди текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда.