Ӯзбекистон ӯтган ҳафта давомида
"Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида” рукнида жорий йилнинг 20-26 кунлари ушбу мамлакатда юз берган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий воқеалар тӯғрисида сизга маълумот берамиз.
Дастлаб муҳим мавзуларнинг қисқача шарҳи билан танишинг:
- 1.Тошкентда қўлбола қадоқланган “Арбидол” савдоси билан шуғулланган гуруҳ ушланди
- 2.Ҳиндистоннинг йирик компанияси Сергели туманида 500 млн долларлик катта қурилиш лойиҳасини бошлади
- 3.Венгрия Ўзбекистонда университет ва банк филиаллари очади, ядро соҳасида ҳамкорлик қилади
- 4.Ўзбекистонга Афғонистон бўйича маслаҳатлашувларнинг янги шакли таклиф қилинди
- 5.Ўзбекистонга Сингапурдан 30 та кислород концентратори беғараз ёрдам сифатида олиб келинди
- 6.Ӯзбекистонда карантин яна узайтирилади
- 7.Пезидент қарори: Ўзбекистонда Қурбон ҳайити кенг нишонланади
- 8.Ўзбекистондан Нью-Йорк ва Анқарага чартер рейслар ташкил этилади
Энди энг муҳиммавзуларнинг тафсилотига ӯтамиз:
Фуқаро қайта сотиш мақсадида қўлбола усулда қадоқланган “Арбидол”нинг ҳар бир қуттисини 320 минг сўмдан олган. Сўнгра дорини 450 минг сўмдан сотаётганда қўлга тушган.
Спутник ахборот агентлиги тарқатган хабарга кўра, Тошкентда хорижда ишлаб чиқарилган ва қўлбола усулда қадоқланган “Арбидол” дори воситасининг ноқонуний савдоси билан шуғуланганлар аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати Sputnik нашрига маълум қилди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Яккасарой туман бўлими тезкор тадбир ўтказган. Унда фуқаро Ш. хорижда ишлаб чиқарилган ва қўлбола усулда қадоқланган “Арбидол” дори воситасини ҳар бир қуттисини 450 минг сўмдан ҳисоблаб, 40 қутисини харидорга 18 млн сўмга сотган вақтида ашёвий далил билан ушланган.
Терговга қадар текширувда аниқланишича, у дорини “Телеграм” дастуридаги дори воситаларининг олди-сотдиси билан шуғулланиш мақсадида очилган “Onp_uzb” номли канал орқали танишган И. ва С. исмли шахслардан қайта сотиш мақсадида ҳар бир қуттисини 320 минг сўмдан ҳисоблаб 40 қуттисини 1200 доллар ва 560 минг сўмга сотиб олганлигини баён этган.
Фуқаро Ш. пушаймонлик тўғрисида ариза билан мурожаат қилиб, унда фуқаро И. ва С.ларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларига чек қўйишда ёрдам беришини сўраган.
Ўтказилган тезкор тадбир давомида улар фуқаро Ш.га “Арбидол”нинг ҳар бир қуттисини 320 минг сўмдан ҳисоблаб, 110 қуттисини жами 35,2 млн сўмга сотган вақтида ашёвий далил билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан терговолди текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда.
ХХХХ
Ҳиндистоннинг Minerva world of knowledge LLC компанияси томонидан умумий қиймати 500 миллион доллар бўлган лойиҳани амалга ошириш учун Тошкент вилояти Зангиота туманидан (Сенат қарорига асосан Тошкент шаҳри ҳудудига ўтказилаётган) 100 гектар ер майдони ажратилган.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги хабарига кўра, бунда университет, талабалар турар жойлари, турар жойлар ва спорт комплекслари, соғломлаштириш марказлари, мактаб ва боғчалар ҳамда замонавий меҳмонхона ташкил этиш режалаштирилган.
Лойиҳани амалга ошириш мақсадида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимияти, Minerva world of knowledge LLC ўртасида 2019 йил 29 август куни инвестицион келишув имзоланган.
Қайд этилишича, биринчи босқичдаги ўқув муассасалари 2021 йил IV чоракда, иккинчи босқичдаги шифохона 2021 йил IV чоракда, учинчи босқичдаги меҳмонхона 2021 йил IV чоракда ва тўртинчи босқичдаги турар жойлар, савдо ва бизнес марказлари, спорт мажмуаси 2026 йил IV чоракда қуриб битказилиши кўзда тутилган.
Лойиҳанинг 2026 йил якунига қадар тўлиқ ишга туширилиши режалаштирилган.
ХХХХ
Тошкентга 16 июль куни Венгрия ташқи ишлар ва ташқи савдо вазири Петер Сийярто ташриф буюриб, ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов, бош вазирнинг ўринбосари, ташқи савдо ва инвестициялар вазири Сардор Умурзоқов, энергетика вазири Алишер Султонов ва Ўзбекистон ҳукуматининг бошқа аъзолари билан учрашди.
Венгрия ташқи ишлар ва ташқи савдо вазирининг Ўзбекистонга ташрифи давомида ядро соҳасидаги ҳамкорлик, OTP банки ва Debresen университети филиаллари очилиши, «Ўзбекистон-Венгрия-ЕИ» форматидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Энергетика вазирлигидаги музокаралар давомида Венгрия томони энергетика соҳасида ҳамкорлик қилишга тайёрлигини, хусусан, Энергетика вазирлиги қошидаги «Ўзатом» агентлиги, Фанлар академияси ва Венгрия ядровий энергия илмий маркази MVM Paksi Atomeromu Ltd. атом электр станциясини қуриш ва ядро энергетикаси соҳасида илмий алмашинув соҳасидаги ҳамкорликка тайёр эканлиги маълум ққилинди.
Шунингдек, йирик иссиқлик электр станцияларида, шу жумладан, Венгрия ENIOX компанияси томонидан ишлатиладиган атом электр станцияларида айланма сувни совитишнинг «қуруқ» усулидан фойдаланиш имкониятлари муҳокама қилинди. Венгрия томони Венгриянинг ENIOX компанияси ушбу лойиҳада иштирок этган тақдирда Венгрия экспорт-импорт банки томонидан 130 миллион еврога тенг қийматда молиялашга тайёр эканлигини маълум қилди.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида бўлиб ўтган йиғилишда Ўзбекистонда венгер OTP банкини очиш истиқболлари, шунингдек, Венгрия Эксимбанки маблағлари жалб қилинган ҳолда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинди.
Ташқи ишлар вазирлигида бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистон Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича Стратегиясини илгари суриш доирасида «Ўзбекистон-Венгрия-ЕИ» форматидаги ҳамкорликни кенгайтиришга тайёрлиги таъкидланди.
Ноябрь ойида Иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Венгрия ҳукуматлараро комиссиясининг олтинчи йиғилиши ва икки мамлакат бизнес-форуми ўтказилиши режалаштирилган.
Бундан ташқари, Венгрия ўзбекистонлик талабалар учун квотани 30 нафардан 100 кишигача оширишни режалаштирмоқда, унинг доирасида Будапешт политехника университетида атом энергиясини ўрганиш дастурини жорий этиш таклиф қилинмоқда.
«Ўзбекистон 24» телеканалининг хабар беришича, Ўзбекистонда Debresen университетининг филиалини очиш режалаштирилган.
ХХХХ
Катсухито Такахаши «Япония-Ўзбекистон-Афғонистон» уч томонлама маслаҳат шаклини яратишни таклиф қилди.
2020 йил 21 июль куни Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашев Япониянинг Афғонистон бўйича махсус вакили Катсухито Такахаши билан онлайн музокаралар ўтказди.
Ташқи ишлар вазирлиги хабарига кўра, суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Япониянинг Афғонистон можаросини тинч йўл билан ҳал этиш борасидаги саъй-ҳаракатлари, тўғридан-тўғри афғонлараро ички музокараларни тезроқ бошлаш масалалари муҳокама қилинди.
Япония томони мамлакат раҳбариятининг узоқ муддатли афғон инқирозини тинч йўл билан ҳал этиш, мамлакатни минтақавий сиёсий ва иқтисодий жараёнларга интеграция қилиш борасида олиб бораётган сиёсатини юқори баҳолади.
Афғонлараро тинчлик музокараларини илгари суриш, шунингдек, иқтисодий йўналишдаги Ўзбекистоннинг юқори нуфузи ва ролини инобатга олган ҳолда, Катсухито Такахаши «Япония-Ўзбекистон-Афғонистон» уч томонлама маслаҳат шаклини яратишни таклиф қилди.
Афғонистон миллий иқтисодиётини тиклаш, мамлакатда турли инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишда Ўзбекистон-Япония ҳамкорлигининг устувор йўналишлари бўйича атрофлича фикр алмашилди, дейилади хабарда.
ХХХХ
Сингапурнинг Temasek Foundation жамғармаси 30 дона Yuwell 7F-5 кислород концентраторини беғараз асосда Ўзбекистонга тақдим этди. Бу ҳақда «Дунё» агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, 22 июль куни қурилмаларни Ўзбекистон томонига расмий топшириш маросими бўлиб ўтди.
Кислород концентраторини Ўзбекистонга жўнатиш билан боғлиқ ташкилий жараён Ўзбекистоннинг Сингапурдаги элчихонаси томонидан Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 2020 йилнинг 20 июль куни бўлиб ўтган видеоселектордаги топшириқлар ижроси доирасида амалга оширилди.
Қайд этилишича, Сингапур томонининг 30 та кислород концентраторини етказиб бериш бўйича қарори Ўзбекистонда COVID-19’га қарши комплекс чора-тадбирлар ва қатъий ҳаракатларни амалга ошириш мақсадида ўз вақтида ва манзилли кўрсатилган ёрдам бўлди.
Таъкидланишича, бу ҳамкор мамлакатнинг Ўзбекистон тиббий муассасаларининг самарали фаолият юритиши учун тақдим қилган иккинчи инсонпарварлик ёрдами ҳисобланади. Бундан олдин Сингапур Ўзбекистонга 5 минг дона ПЗР тест тизимларини юборган эди.
Ускуналарни Ўзбекистонга олиб келиш учун 22 июль куни Uzbekistan Airways авиакомпанияси томонидан Шанхай шаҳри орқали рейс ташкил қилинди. Айни пайтда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги кислород концентраторларини қабул қилиб олди.
Эслатиб ўтамиз, 20 июль куни Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда коронавирус инфекциясига қарши кураш борасида олиб борилаётган ишларнинг чуқур танқидий таҳлилига бағишланган видеоселектор йиғилишида кислород концентраторларини Ўзбекистонга олиб келиш учун махсус самолёт ажратиш ҳақида кўрсатма беганди. Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Ўзбекистонга дори воситалари ва тиббий буюмларни, жумладан, кислород концентраторларини импорт қилиш жараёни соддалаштирилди.
Аввалроқ Бухоро вилоятида тиббиёт муассасалари 50 дона кислород концентратори билан таъминлангани ҳақида хабар берилганди.
ХХХХ
Қурбон ҳайитининг карантин талабларига риоя қилган ҳолда, халқнинг миллий ва диний анъаналарига мос равишда ўтиши учун тегишли чора-тадбирларни амалга оширилиши белгиланган
Ўзбекистонда 31 июль Қурбон ҳайити байрами сифатида кенг нишонланади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти қарорида айтилган.
"Муборак Қурбон ҳайити моҳиятида мужассам бўлган хайру саховат, меҳр-оқибат, инсонпарварлик сингари азалий анъана ва қадриятларимизни асраб-авайлаш ҳамда кенг тарғиб этиш, халқимизнинг эзгу ният ва орзу-интилишларини қўллаб-қувватлаш мақсадида: Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2020 йилда Қурбон ҳайитининг биринчи куни 31 июль – жума кунига тўғри келиши ҳақида қабул қилган қарорини инобатга олиб, мамлакатимизда 2020 йил 31 июль Қурбон ҳайити байрами сифатида кенг нишонлансин", - дейилади хабарда.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда Қурбон ҳайитининг карантин талабларига риоя қилган ҳолда, халқнинг миллий ва диний анъаналарига мос равишда ўтиши учун тегишли чора-тадбирларни амалга оширилиши белгиланган.
ХХХХ
Uzbekistan Airways компания 30 июль куни Тошкент—Нью-Йорк—Тошкент йўналиши бўйича чартер репатриация рейсини амалга оширади. Шунингдек, 29 июль куни Тошкент—Анқара—Тошкент йўналишида қўшимча чартер рейси йўлга қўйилади. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Тошкент—Нью-Йорк йўналишидаги парвоз учун жўнаш вақти 06:45 да, учиш соат 11:00 га (маҳаллий вақт билан) белгиланган. Шунингдек, Нью-Йорк—Тошкент йўналишида парвознинг жўнаши соат 13:00 да, соат 11:00 да +1 (маҳаллий вақт билан) этиб белгиланган.
Тошкент—Нью-Йорк йўналиши бўйича авиачипталарни Uzbekistan Airways Савдо марказий офисида соат 10:00 дан биринчи бўлиб хизмат кўрсатиш асосида сотиб олиш мумкин. Бунинг учун, йўловчи тегишли ҳужжатларнинг асл нусхалари билан шахсан ўзи келиши керак:
Хорижий фуқаролар учун — паспорт;
Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун — паспорт ва кетиш учун асослар.
Нью-Йорк—Тошкент йўналиши бўйича авиачипталарни сотиб олиш учун йўловчилар Ўзбекистоннинг Нью-Йоркдаги Бош консуллигига мурожаат қилиши сўралади.
«Тушунмовчиликларнинг олдини олиш учун, авиачипталарни сотиб олишни тезлаштиришда ўз хизматларини таклиф этадиган одамлардан ёрдам сўрамаслигингизни сўраймиз. Сизга чиптада кўрсатилган нархни Uzbekistan Airways филиалининг кассасида тўлаган миқдорингиз билан солиштиришингизни тавсия қиламиз», — дея қўшимча қилинган компания хабарида.
Бундан ташқари, Тошкент—Анқара йўналишидаги парвоз учун жўнаш вақти 10:30 да, учиш соат 13:00 га (маҳаллий вақт билан)белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, 17 июль куни Республика махсус комиссиясининг қарорига мувофиқ, хориждаги ўзбекистонликларни олиб келиш учун 20 июлдан 2 августгача амалга ошириладиган навбатдаги чартер рейсларнинг жадвали тасдиқланган. 26 июль куни эса Тошкент—Истанбул йўналиши бўйича қўшимча рейс амалга оширилилган.