Ўзбек—қирғиз чегарасида юз берган можаро юзасидан 6 нафар сўхлик қамоққа олинди
https://parstoday.ir/uz/news/uzbekistan-i54254-Ўзбек_қирғиз_чегарасида_юз_берган_можаро_юзасидан_6_нафар_сўхлик_қамоққа_олинди
Фарғона вилояти Сўх туманида юз берган можаро юзасидан 6 нафар сўхлик қамоққа олинди
(last modified 2025-06-23T12:36:26+00:00 )
август 25, 2020 14:33 Asia/Tashkent
  • Ўзбек—қирғиз чегарасида юз берган можаро юзасидан 6 нафар сўхлик қамоққа олинди

Фарғона вилояти Сўх туманида юз берган можаро юзасидан 6 нафар сўхлик қамоққа олинди

31 май куни Ўзбекистоннинг Сўх тумани Чашма қишлоғи ва Қирғизистоннинг Қадамжой тумани Чечме қишлоғи аҳолиси ўртасида Қирғизистон ҳудудида жойлашган, сувидан Ўзбекистон ҳам фойдаланадиган Чашма булоғи устида низо чиқиб, катта можарога айланиб кетган ва оммавий тартибсизликлар юз берганди. Можаро оқибатида 187 нафар ўзбекистонлик касалхонага ётқизилган, Ўзбекистон ҳудудидаги учта хонадонда ёнғин юз берган.

Дарё сайтига кўра, ушбу низони бартараф этиш мақсадида Сўх тумани Чашма қишлоғига етиб борган маҳаллий ҳокимият вакиллари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларига тартиббузарлар томонидан фаол қаршилик кўрсатилиб, уларга турли даражада шикаст етказилган.

Мазкур ҳолат бўйича 1 июнда Фарғона вилоят прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 219-моддаси (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) ва 244-моддаси (оммавий тартибсизликлар) билан жиноят иши қўзғатилган.

Тергов давомида 6 нафар шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 219 ва 244-моддалари билан айблов эълон қилиниб, уларга қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.