Шавкат Мирзиёев Россия ва Тожикистон президентлари билан телефон орқали суҳбатлашди
Бугун Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путиннинг телефон орқали мулоқотида Ўзбекистон-Россия стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилиб, халқаро ва минтақавий кун тартиби юзасидан фикр алмашилди.
Жорий йил июль ойида Москва шаҳридаги учрашув чоғида эришилган келишувларга мувофиқ бўлажак олий даражадаги мулоқотларга тайёргарлик кўриш бўйича биргаликдаги фаол ишларни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев коронавирусга қарши курашишда кўрсатилган амалий ёрдам, жумладан, Россиядан врач ва мутахассисларнинг катта гуруҳи юртимизга жўнатилгани учун самимий миннатдорлик билдирди.
Давлат раҳбарлари икки мамлакат вазирлик ва идоралари даражасида, шу жумладан жорий ойда бўлиб ўтадиган Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги мажлиси доирасида яқиндан мувофиқлашув ва ҳамкорликни давом эттириш муҳимлигини таъкидладилар. Бунда, аввало, кўп қиррали муносабатларнинг устувор дастур ва лойиҳаларини, бизнес ва ҳудудлар кооперациясини кучайтириш бўйича узоқ муддатли “йўл харитаси” тайёрлашни жадаллаштириш назарда тутилади.
Давлат раҳбарлари, шунингдек, минтақада юзага келаётган вазиятни муҳокама қилдилар, бўлажак тадбирлар режасини кўриб чиқдилар.
7 октябрь Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон президенти Эмомали Раҳмоннинг телефон орқали мулоқотида икки мамлакат ҳамкорлигининг долзарб масалалари муҳокама қилинди. Минтақадаги вазият юзасидан фикр алмашилди, бўлажак олий даражадаги учрашувлар режаси кўриб чиқилди.
Давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги стратегик шериклик ва кўп қиррали муносабатларни мустаҳкамлаш, Марказий Осиёда барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш борасида қатъий эканликларини таъкидладилар.
Эслатиб ўтамиз, 5 октябрь куни Шавкат Мирзиёев Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон билан телефон орқали мулоқот қилинди.