Ўзбекистон ва Қирғизистон ТИВ раҳбарлари ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилишди
(last modified Thu, 05 Nov 2020 08:42:34 GMT )
ноябр 05, 2020 13:42 Asia/Tashkent
  • Абдулазиз Комилова Руслан Казакбаев ўзбек-қирғиз ҳамкорликларининг истиқболларини муҳокама қилишди
    Абдулазиз Комилова Руслан Казакбаев ўзбек-қирғиз ҳамкорликларининг истиқболларини муҳокама қилишди

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Тошкент шаҳрига амалий ташриф билан келган Қирғизистон ташқи ишлар вазири Руслан Казакбаевни қабул қилди.

“Музокаралар чоғида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестиция, транспорт-коммуникация, сув хўжалиги ва маданий-гуманитар соҳаларда Ўзбекистон-Қирғизистон ҳамкорлигининг ҳозирги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди”, - дейилган Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабарида.

Спутник сайтининг хабар қилишича, вазирлар кўп томонлама тузилмалар доирасидаги ўзаро алоқалар, шунингдек, минтақавий ва халқаро кун тартибини муҳокама қилдилар. Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликнинг ижобий суръатини сақлаб қолишдан икки томон ҳам бирдек манфаатдор эканлиги маълум қилинди.

Томонлар, шунингдек, коронавирус тарқалишига қарши курашиш ва пандемиянинг Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги муносабатларга таъсирини минималлаштириш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатлар тўғрисида фикр алмашдилар.

ТИВ раҳбарлари икки томонлама тадбирларни давом эттириш, шу жумладан, Ўзбекистон-Қирғизистон Ҳукуматлараро комиссиясининг ва икки мамлакат чегараолди вилоятлари ҳокимлари (ваколатли вакиллари) Кенгашининг навбатдаги йиғилишини ўтказиш муҳимлигини таъкидладилар.

Учрашув якунлари бўйича Қўшма баёнот қабул қилинди.