Ўзбекистон Афғонистон билан йиллик савдо ҳажмини 2 млрд долларга етказишни мўлжалламоқда
«Афғонистон Ислом Республикаси билан иқтисодий ҳамкорликни янада кучайтириш ва мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида» Ўзбекистон презиентининг қаори қабул қилинган.
Мазкур қарорга асосан, Ўзбекистон Афғонистон билан йиллик савдо ҳажмини 2023 йилгача 2 млрд долларга етказишни мақсад қилган. Ўтган йилда бу миқдор 618 млн долларни ташкил қилгани шундан 615 млн доллар Ўзбекистон экспортига тўғри келганини кун сайти хабар қилган.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг Афғонистон билан иқтисодий ҳамкорлик бўйича ўринбосари лавозими жорий этилади.
Афғонистон билан иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича идоралараро ишчи гуруҳ тузилиб, кўриладиган чора-тадбирлар жадвали тасдиқланди.
Унга кўра, Тошкент шаҳри ҳамда Қобул ва Мозори-Шариф шаҳарлари ўртасида доимий тўғридан тўғри парвозларни 2021 йил январидан бошлаш режа қилинган. Пандемия сабаб шу йил март ойида тўхтатилган авиақатновларни тиклаш масаласида «KamAir» ва «Ariana Afghan Airlines» компаниялари билан музокаралар ўтказилади.
2021 йил мартида Афғонистон билан имтиёзли савдо битими имзолаш режалаштирилган.
Қобул ва Мозори-Шариф шаҳарларида ўзбек маҳсулотлари савдо уйлари ва Ўзбекистон банклари филиалларини очиш, автомобилда ва темир йўлда юк ташишни соддалаштириш ва арзонлаштириш бўйича вазифалар белгиланди.
Ўзбекистон қўшни республикага товуқ гўшти, мармар ва заргарлик буюмлари, тамаки, гигиеник воситалар, мебел, болалар кийимлари, халқ истеъмол товарлари, ун ва нон маҳсулотлари, ўсимлик ёғи ва мева-сабзавот экспортини оширишни кўзламоқда.
Покистон темир йўлларига чиқиш имконини берадиган «Мозори-Шариф – Қобул» темир йўлини қуриш 2021 йил сентябридан бошланиши белгиланди.