Ўзбекистон ва Корея президентларининг видеоанжуман шаклидаги учрашуви бўлиб ўтди
Шавкат Мирзиёев 28 январь куни Корея Республикаси президенти Мун Жэ Ин билан видеоанжуман шаклида учрашув ўтказди.
Мураккаб шароитларда йирик инвестиция ва савдо лойиҳаларининг амалга оширилиши таъминланди, янги кооперация объектлари ишга туширилди. Жанубий кореялик шерикларнинг кўмаги ва иштирокида Тошкент шаҳрида ташкил этилган, минтақамиз учун ноёб бўлган замонавий болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази шулар жумласидан деб хабар қилган Кун сайти.
Иқтисодий соҳада Ўзбекистон ва Жанубий Корея ҳукуматлари ва идоралари даражасида йўлга қўйилган самарали ишлар қайд этилди. Президентлар инвестиция лойиҳаларини илгари суриш ва юзага келадиган масалаларни тезкор ҳал қилиш мақсадида ушбу мулоқотларни давом эттириш топшириғини бердилар.
Таъкидланганидек, жорий йилда жанубий кореялик ҳамкорлар иштирокида амалга оширилаётган лойиҳалар доирасида жами 400 миллион долларгача инвестицияларни ўзлаштириш кутилмоқда.
Бундан ташқари, юқори технологик соҳаларда, шу жумладан энергетика, нефть-газ, кимё ва нефть-кимё, фармацевтика, қайта ишлаш саноати, қишлоқ хўжалиги, инфратузилмани модернизация қилиш, транспорт ва логистика, туризм ва кўплаб бошқа тармоқларда қиймати жами 3,4 миллиард доллардан зиёд бўлган 55та янги лойиҳа тайёрланмоқда.
Икки томонлама устувор дастурларни амалга оширишда Иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш фонди (EDCF) ва Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) билан самарали шериклик олиб борилаётгани юксак баҳоланди.
Президент Мун Жэ Ин Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши масаласига ҳар томонлама кўмаклашишини яна бир бор тасдиқлади.
Саммит якунида «Тўртинчи саноат инқилоби»га кўмаклашиш мақсадида рақамлаштириш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида меморандум, EDCF билан ҳамкорлик бўйича уч йилга мўлжалланган 1 миллиард долларлик дастурни амалга ошириш бўйича битим, замонавий кўп тармоқли клиника ва лойиҳавий институт – Кимёвий технологиялар марказини қуриш лойиҳалари бўйича заём битимлари имзоланди.