Ўзбекистон ва Афғонистон президентлари телефон орқали мулоқот қилишди
(last modified Thu, 11 Feb 2021 06:16:36 GMT )
феврал 11, 2021 11:16 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон ва Афғонистон президентлари телефон орқали мулоқот қилишди
    Ўзбекистон ва Афғонистон президентлари телефон орқали мулоқот қилишди

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 10 феврал куни Афғонистон Ислом Республикаси президенти Ашраф Ғани билан телефон орқали мулоқот қилди.

Мирзиёев ва Ғани шунингдек Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон ҳамда етакчи халқаро молиявий институтларнинг юқори даражадаги вакиллари иштирокида ўтган Транс-афғон транспорт йўлагини қуриш лойиҳасини илгари суриш бўйича уч томонлама ишчи гуруҳнинг биринчи йиғилиши муваффақиятли бўлганини катта мамнуният билан қайд этишди деб хабар қилган Кун сайти.

Ушбу лойиҳани амалга оширишни, шу жумладан, техник ҳужжатларни тайёрлашни ва қурилиш ишларини бошлаш муҳим экани таъкидланди.

Президентлар саъй-ҳаракатларни бирлаштириб, янги «Сурхон – Пули-Ҳумри» электр узатиш линиясини барпо этиш лойиҳасини амалга оширишни жадаллаштиришга келишиб олишган. Шу мақсадда режалаштирилган ишларнинг бажаралишини мувофиқлаштиришнинг икки томонлама механизми яратилади, унинг доирасида ҳар ой видеоанжуманлар ўтказиб борилади.

Шунингдек, кўп қиррали Ўзбекистон-Афғонистон муносабатларини, шу жумладан нефть-газ тармоғида, таълим соҳасида, техник ихтисосликлар бўйича малакали афғонистонлик кадрларни тайёрлаш борасида кенгайтириш имкониятлари кўриб чиқилган.

Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580-йиллигига бағишлаб жорий йил март ойида Ҳирот шаҳрида ўтказиладиган байрам тадбирларида Ўзбекистон делегацияси иштирок этиши юзасидан келишувга эришилган.

Бўлажак олий ва юқори даражадаги тадбирлар ва мулоқотлар режаси юзасидан ҳам фикр алмашилган.

Президентлар «Йўл харитаси» ва устувор инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилишини доимий мониторинг қилиш ва самарали илгари суриш мақсадида қўшма ҳукумат гуруҳини шакллантириш топшириғини беришган.