Ӯзбекистон ӯтган ҳафта давомида
(last modified Mon, 31 May 2021 18:40:04 GMT )
май 31, 2021 23:40 Asia/Tashkent
  • Ӯзбекистон ӯтган ҳафта давомида

"Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида” рукнида жорий  йилнинг 24- 30 май  кунлари ушбу мамлакатда юз берган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий воқеалар тӯғрисида сизга маълумот берамиз.

Дастлаб муҳим мавзуларнинг қисқача шарҳи билан танишинг:

  1. Ўзбекистон президенти Россия соғлиқни сақлаш вазирини қабул қилди.
  2. Абдулла Арипов Беларусга ташриф буюрди ва Александр Лукашенко қабулида бўлди.
  3. Ўзбекистон ТИВ раҳбари Туркманистон президенти билан учрашди.
  4. "Спутник V" Ўзбекистонда ишлаб чиқарилади.
  5. Ўзбекистонда коронавирус билан касалланганлар сони 100 мингдан бир неча баробар кўп бўлиши мумкин!
  6. Ўзбек- қозоқ чегара демаркацияси муҳокама қилинди.
  7. Uzbekistan Airways : Москванинг Домодедово аэропортига қатновлар қайта тикланади.
  8. Ўзбекистон билан чегарадош Боғис (Боғич) ва Хиёбон қишлоқлари расман Қозоғистон таркибига киритилди.
  9. Москвада 500 нафарга яқин ўзбекистонлик маош кечикаётганидан шикоят қилди.
  10. Ангрендаги даҳшатли ЙТҲда 7 киши ҳалок бўлди.

Энди энг муҳим мавзуларнинг тафсилотига ӯтамиз:

Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этиш учун Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги мамлакат делегацияси Минск шаҳрига ташриф буюрди.

Ўзбекистон бош вазири матбуот хизмати хабарига кўра, дастлаб делегациялар раҳбарлари Беларус президенти Александр Лукашенко қабулида бўлди.

Учрашувда Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгашида эришилган келишувларни амалга оширишда мазкур форматдаги мулоқот муҳим аҳамиятга эгалиги таъкидланди.

Шундан сўнг, делегациялар раҳбарлари Беларус пойтахтидаги Ғалаба монументига гулчамбар қўйди, дейилади маълумотда.

Аввалроқ, Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги делегация Минск шаҳрида 28 май куни бўлиб ўтадиган МДҲ ҳукумат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этиши айтилганди.

МДҲ Ижроия қўмитаси матбуот хизмати хабарига кўра, делегациялар раҳбарлари тор доирадаги учрашувда ҳамдўстлик доирасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашиши, навбатдаги учрашув санаси ва жойини белгилаб олиши кутилмоқда.

Х  Х  Х

26 май куни Ўзбекистон делегацияси раҳбари сифатида Ашхобод шаҳрига амалий ташриф билан келган Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов томонидан қабул қилинди.

Абдулазиз Комилов Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг самимий сўзлари ва эзгу тилакларини етказган.

“Учрашувда олий даражадаги ташрифлар доирасида эришилган келишувларнинг ижроси юзасидан фикр алмашилди”, дейилади маълумотда.

Қайд этилишича, икки томонлама алоқалар ва минтақавий ҳамкорликка доир долзарб масалалар кўриб чиқилган. Савдо, инвестициялар, саноат кооперацияси, транспорт, энергетика, машинасозлик, енгил саноат ва озиқ-овқат саноати, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаларида мавжуд салоҳиятдан янада тўлиқ фойдаланиш зарурлиги таъкидланган.

Музокаралар чоғида томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди, дейилади ТИВ хабарида.

Х  Х  Х

Тошкент ва Москва "Спутник V" вакцинасини Ўзбекистонда ишлаб чиқаришга келишиб олди.

Россиянинг коронавирусга қарши вакцинасини ишлаб чиқариш учун майдон танлаб олинган, деди РИА Новостига берган интервьюсида Россия Федерацияси соғлиқни сақлаш вазири Михаил Мурашко.

Спутник сайтига кўра, Россия президенти Владимир Путин ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев  берган топшириғи доирасида "Спутник V"ни (республикада) ишлаб чиқаришга келишиб олдик.

Россия вакцинасининг биринчи партияси Ўзбекистонга 23 апрел куни етказиб берилган эди. "Спутник V"нинг иккинчи компоненти (50 минг доза) Тошкентга 27 апрел куни олиб келинган. Ушбу препарат билан пойтахтда вакциналаш ишлари 28 апрелдан старт олган эди. Биринчи навбатда ёши 65 дан юқори бўлган инсонлар ушбу препарат билан эмланди.

Бундан ташқари Ўзбекистон ва Россиянинг тиббиёт соҳасидаги муносабатлари COVID текширувидан муваффақиятли ўтди.

Бу ҳақда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Абдуҳаким Хаджибаев Михаил Мурашко бошчилигидаги Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги делегацияси билан учрашувда учрашув доирасида Н.И.Пирогов номидаги Россия миллий илмий-текшириш тиббиёт университетининг филиалини ташкил этиш тўғрисида келишувга эришилган ҳамда ушбу университет билан ўртасида ҳамкорлик келишув имзоланди деб хабар қилди.

Х  Х  Х

Ўзбекистонда COVID-19 касаллигига чалинганлар сони расман 100 минг кишидан ошганини мамлакат ССВ хабар қилган.

Дарё сайтининг хабар қилишича, Ўзбекистон расмийлари коронавирус статистикасига доир рақамларни яшириш ёки уларни бузиб кўрсатишдан ҳеч ким манфаатдор эмаслигини мунтазам таъкидлаб келади. Айни вақтда, касалланганлар сони расмий статистикадагидан икки-уч баробарга кўп бўлиши мумкинлигини ҳукумат тузилмаларига алоқадор масъуллар ҳам, ҳукумат қошида тузилган Республика махсус комиссияси вакиллари ҳам тан олиб таъкидлаган.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг қўшимча қилишича, 29 май ҳолатига кўра шу вақтгача тасдиқланган беморларнинг 95786 нафари (96 фоизи) соғайган, касаллик асоратлари оқибатида вафот этганлар сони расман 690 нафарга етган. Икки нафари сўнгги 1-2 суткада вафот этган.

Ўзбекистонда 29 май куни жами 60 423 киши COVID-19’га қарши эмланди.

Х  Х  Х

Москва шаҳрида жойлашган “Монолит капитал строй” қурилиш компаниясида меҳнат қилаётган бир гуруҳ ўзбекистонликлар иш берувчи ташкилотдан норози бўлиб, Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Москва шаҳридаги ваколатхонасига мурожаат қилган.

Ўзбекистон агентлик вакилларидан иборат ишчи гуруҳ республиканинг Россия Федерациясидаги элчихонаси масъул ходимлари билан биргаликда воқеа жойига бориб, вазиятни ўрганганди.

19 май куни Агентликнинг Москва шаҳридаги ваколатхонасида фуқаролар билан учрашув бўлиб ўтган. Маълум бўлишича, қурилиш объектларида мустақил равишда, иш берувчи билан ўзаро келишув асосида иш бошлаган Ўзбекистон фуқароларга иш ҳақларининг берилиши кечиктирилган ва бу ҳолат уларнинг норозилигига сабаб бўлган.

Агентлик томонидан яшаш жойисиз қолган фуқаролар бепул ётоқхона ва 3 маҳал овқат билан таъминланган, ишсиз қолганларга бошқа иш жойлари таклиф қилинган.

Ҳозирги вақтда 500 нафарга яқин фуқароларнинг шикоятлари асосида уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва иш ҳақларини ундириб бериш мақсадида Москва шаҳар прокуратураси, Тергов қўмитаси ҳамда Меҳнат инспекцияларига расман мурожаат қилинган.