Германия ҳукумати вакили Ўзбекистондаги тотувликни юқори баҳолади
Ўзбекистонда “Vidergeburt” немис маданият маркази фаолият юритмоқда
ТОШКЕНТ, 11 окт – Sputnik. Тошкентда Ўзбекистон Республикасида истиқомат қилаётган немис миллатига мансуб фуқаролар масалалари бўйича Ўзбекистон – Германия ҳукуматлараро комиссиясининг тўққизинчи мажлиси бўлиб ўтди, деб хабар беради “Жаҳон” АА.Мажлисда Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг ўринбосари, ҳукуматлараро комиссия ҳамраиси С.Нишонбоев, Германия Федератив Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Найтхарт Хёфер-Виссинг ва бошқалар Ўзбекистон билан Германия ўртасида ўзаро ишонч ва ҳурматга асосланган муносабатлар қарор топгани, бу ўзаро манфаатли ҳамкорлик ривожига хизмат қилаётганини таъкидладилар.
Германия Федератив Республикаси Федерал ҳукуматининг кўчиб ўтганлар ва кам сонли миллатлар масалалари бўйича вакили, ҳукуматлараро комиссия ҳамраиси Хартмурт Кошик Ўзбекистонда миллатлараро тотувлик қарор топгани, миллий маданий марказлар фаолияти самарали йўлга қўйилганини эътироф этди.