Ўзбекистон афғонистонликларга инсонпарварлик ёрдами юборди
Афғонистоннинг Ҳайратон шаҳрида Афғонистон халқига инсонпарварлик ёрдами топширилишига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди
Ун, турли озиқ-овқат маҳсулотлари, бирламчи зарур товарлар, дори-дармонлар, кийим-кечак ва пойабзаллардан иборат мазкур инсонпарварлик ёрдами ўзбек халқининг биродар Афғонистонга кўрсатаётган хайрихоҳлигининг яна бир ифодасига айланди.
1300 тоннадан иборат мазкур ёрдам бутун мамлакат бўйлаб кам таъминланган афғон оилаларига тарқатилади деб хабар қилган Ориёно нюс.
Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизматига таяниб, Дарё сайтининг хабар қилишича, «Ҳайратон – Мозори Шариф» темир йўли «Ҳайратон» станциясида бўлиб ўтган инсонпарварлик ёрдамини топшириш маросимида Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев, Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов, Афғонистон муваққат ҳукумати расмий вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид, Балх вилояти губернатори Қудратилло Абу Ҳамза ва бошқа расмийлар иштирок этди.
Маросимда сўзга чиққан Афғонистон муваққат ҳукумати расмий вакили Забиҳулла Мужоҳид бутун афғон халқи номидан Ўзбекистон Президентига миннатдорлик билдирди.
«Бутун афғон халқи номидан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга оғир дамларда мамлакатга кўрсатаётган юксак эътибори, қўллаб-қувватлаши ва бирдамлиги учун чуқур миннатдорлигимизни билдирамиз.
Ўзбекистон раҳбари Афғонистон халқига кўмак кўрсатиш чақирувига биринчилардан бўлиб эътибор қаратгани, унинг сиёсатини кўп миллатли халқимиз чинакам инсонпарварлик, биродарлик ва яхши қўшничиликнинг намоёни сифатида баҳолайди», — деган у.