сентябр 28, 2021 11:28 Asia/Tashkent
  • Самарқандда газ йўқлиги сабаб норозилик билдирганлардан икки нафари қўлга олиниб 5 суткага қамалди
    Самарқандда газ йўқлиги сабаб норозилик билдирганлардан икки нафари қўлга олиниб 5 суткага қамалди

Самарқанд вилояти Самарқанд туманида газ йўқлиги сабаб норозилик билдирган бир гуруҳ фуқаролардан икки нафари 5 суткага қамалди ва 11 нафари жаримага тортилди.

26 сентябрь куни соат 12:10 да Самарқанд тумани «Янгиариқ-1» МФЙ, Чунгул кўчасида яшовчи 13 нафар фуқаро табиий газ йўқлигидан норозилик билдириб, Самарқанд М-37 автомобиль йўлининг 8—9-километрида йўлнинг қатнов қисмига чиқиб, йўлни тўсиб қўйган деб хабар қилган Дарё сайти.

Ушбу маҳалла 2015 йилда Вазирлар Маҳкамаси қарори асосида табиий газ тармоғидан узилиб, суюлтирилган газ баллонлари билан таъминланиши йўлга қўйилган.

Норозилик билдириб чиққан фуқаролар истиқомат қилувчи маҳаллага Самарқанд тумани газ таъминоти бўлими томонидан охирги маротаба 2021 йилнинг 29 июль куни суюлтирилган газ баллонлари тарқатилган.

Мазкур фуқаролар Самарқанд туман ҳокимияти биносига олиб келиниб, туман ҳокими, вилоят ва туман ИИБ раҳбарияти ҳамда мутасадди ташкилот ходимлари томонидан тушунтириш ишлари олиб борилди.

Ушбу ҳолат юзасидан Самарқанд тумани ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилиб, тўпланган ҳужжатлар мазмунан кўриб чиқиш учун Жиноят ишлари бўйича Самарқанд тумани судига юборилди.

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд тумани судининг 27 сентябрь кунидаги қарори билан 13 нафар шахсга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) ҳамда 201-моддаси (йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини бузиш)да назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбли деб топилиб, маъмурий жавобгарликка тортилди.

Ёрлиқ