Ўзбекистон ва Хитой президентлари телефон орқали мулоқот қилди
(last modified Thu, 28 Oct 2021 09:58:36 GMT )
октябр 28, 2021 14:58 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон ва Хитой президентлари телефон орқали мулоқот қилдилар
    Ўзбекистон ва Хитой президентлари телефон орқали мулоқот қилдилар

ХХР раиси Шавкат Мирзиёевни Ўзбекистон президентлигига сайлов муваффақиятли ўтказилгани ва унда ишончли ғалабага эришилгани билан самимий қутлаб,Ўзбекистон–Хитой ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалаларини муҳокма қилди.

Ишончга асосланган мулоқотнинг бугунги даражаси, 2021 йил апрель ойида ўтган мулоқотларда эришилган келишувларга мувофиқ икки томонлама алоқалар ривожланаётгани ва ўзаро алмашинувлар фаоллашгани катта мамнуният билан қайд этилди деб хабар қилган Дарё сайти.

Сиёсий соҳада Ўзбекистон Президенти «ягона Хитой сиёсати»ни ҳамда «уч ёвуз куч» – терроризм, экстремизм ва сепаратизмга қарши қатъий курашни доимий қўллаб-қувватлашини билдирди.

Бундан ташқари, коронавирус пандемиясига қарши курашда кўрсатилаётган катта амалий ёрдам, шу жумладан, вакциналар ўз вақтида етказиб берилаётгани ва уларни биргаликда ишлаб чиқариш йўлга қўйилгани учун миннатдорлик билдирилди.

Раис Си Цзиньпин, ўз навбатида, Хитой Ўзбекистоннинг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини, шунингдек, мамлакатда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий янгиланишлар дастурини қатъий қўллаб-қувватлашини таъкидлади.

Савдо-иқтисодий соҳада етакчилар товар айирбошлаш сезиларли ўсаётганини қайд этдилар. Хитой бозорига зарур маҳсулотлар, энг аввало қишлоқ хўжалиги товарларини илгари суриш мақсадида 2021 йил ноябрь ойида Шанхай шаҳрида ўтадиган тўртинчи Импорт товарлар халқаро кўргазмасида Ўзбекистон фаол иштирок этишига келишиб олинди.