Ўзбекистонда 17 мингдан ортиқ афғонистонлик вақтинчалик рўйхатга олинган
(last modified Wed, 03 Nov 2021 06:04:47 GMT )
ноябр 03, 2021 11:04 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистонда 17 мингдан ортиқ афғонистонлик вақтинчалик рўйхатга олинган
    Ўзбекистонда 17 мингдан ортиқ афғонистонлик вақтинчалик рўйхатга олинган

Ҳозирда уларни мажбуран қайтариб юбориш ҳолатлари йўқ. Амалдаги тартибга биноан, Афғонистон фуқаролари Ўзбекистонга фақат виза билан кириши мумкин.

Афғонистонда ҳокимият алмашиши ортидан минглаб афғонлар ўз юртини тарк этишга уринмоқда, бироқ қатор мамлакатлар, хусусан қўшни Ўзбекистон ҳам афғон қочқинларини қабул қилмаслигини билдирди.

Ички ишлар вазирлиги Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси Афғонистон фуқароларининг Ўзбекистонда бўлиш тартиби ҳақида Кун сайтига маълумот берган.

Афғонистон – фуқаролари Ўзбекистонда 30 кун давомида визасиз юриши мумкин бўлган мамлакатлар рўйхатига кирмайди деб Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси бўлим бошлиғи подполковник Азизхон Раҳматуллаев айтган.

Афғонистон фуқароларининг Ўзбекистонга кириши бўйича алоҳида тартиб ўрнатилмаган. Афғонистон ва Ўзбекистон имзолаган халқаро ва икки томонлама шартномаларга мувофиқ икки давлат ҳудудида фуқаролар, бошқа хорижий давлатлар билан бўлгани каби фақатгина виза орқали ҳаракатланиши белгиланган.

“Ўзбекистонга ташриф буюрмоқчи бўлган Афғонистон фуқаролари Кобул ва Мозори Шарифдаги консулхоналаримизга мурожаат қилади. Айни вақтда Сурхондарёдаги чегараларимиз орқали афғон фуқаролари бемалол чиқиб кетишлари мумкин. Кириш эса фақатгина 3 тоифадаги виза асосида амалга оширилмоқда. Булар: бизнес, ишчи ва меҳмон визалар”, – деди ИИВ масъули.

Бугунги кунда Ўзбекистонда 17 446 нафар Афғонистон фуқароси вақтинчалик, 626 нафари эса доимий рўйхатда турибди.