Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ДХХ ҳарбий таълим муассасалари фаолияти билан танишди
Ўзбекистон Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев 7 январь куни Давлат хавфсизлик хизматининг ҳарбий таълим муассасалари фаолияти билан танишди.
Шавкат Мирзиёев 2019 йил 28 июндаги қарорида ўсмирларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, Ўзбекистон Қуролли Кучлари ва давлат хизмати учун кадрлар тайёрлаш бўйича янги тизим белгиланган эди. Унга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати ва Миллий гвардия таркибида “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейлари ташкил этилди.
Хусусан, Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизматининг Темурбеклар мактаби учун пойтахтимизнинг Юнусобод туманида янги бино қурилди.
Ташриф чоғида Президентимизга ҳарбий-академик лицейдаги ўқитиш тизими ҳақида маълумот берилди.
2020 йил октябрда бу ерга келганида ҳамда Хавфсизлик кенгашининг ўтган йилги йиғилишида ҳарбий таълимни такомиллаштириш, ёшларни юртимиз тарихи ва боболаримиз жасорати асосида ватанпарвар этиб тарбиялаш бўйича кўрсатмалар берган эди.
Темурбеклар мактабида ўқиш шундай ташкил этилган. Бунинг учун бешта кафедра: аниқ фанлар, ижтимоий-гуманитар фанлар, хорижий тиллар, психология ва тарбия фанлари ҳамда касбий-амалий фанлар кафедралари очилган. Уларга юқори малакали педагоглар очиқ танлов асосида қабул қилинган.
Лицей тарих фани ва хорижий тилларга ихтисослашган. Ёшлар орасида бу ерда ўқишга интилиш жуда кучли. Жорий ўқув йилида 5 минг 600 нафар талабгордан энг билимли 100 нафари саралаб олинган. Бугунги кунда 220 нафар ўқувчи сабоқ олмоқда.