Тошкентда ўзбекистонлик сиёсатшунос Камолиддин Раббимов қамоққа олинди-ми?
(last modified Tue, 19 Apr 2022 06:19:44 GMT )
апрел 19, 2022 11:19 Asia/Tashkent
  • Тошкентда ўзбекистонлик сиёсатшунос Камолиддин Раббимов қамоққа олинди-ми?
    Тошкентда ўзбекистонлик сиёсатшунос Камолиддин Раббимов қамоққа олинди-ми?

Ўзбекистонлик машҳур сиёсатшунос Камолиддин Раббимов хизмат вазифасини бажараётган ходимларнинг фаолиятига асоссиз аралашгани сабаб ҳибсга олингани ҳамда унга нисбатан жарима жазоси қўлланилгани ҳақида хабар берилмоқда.

Жорий йил 18 апрель куни жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судида Камолиддин Раббимов (1977 йилда Самарқанд вилоятида туғилган) ва Ш. Самандаров (1997 йилда Хатирчи туманида туғилган)га нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилган.

Аниқланишича, 2022 йил 17 апрель куни Камолиддин Раббимов ва Ш.Самандаров Тошкент савдо маркази (Шайхонтоҳур тумани) олдидаги жамоат жойида шовқин қилиб туришган вақтда шу ерда хизмат олиб бораётган ички ишлар органлари ходимлари келиб, уларнинг шахсини аниқлаш мақсадида ИИБ биносига таклиф қилишганда, уларга қаршилик кўрсатиб, ички ишлар ходимларининг қонуний талабларини бажармасдан, уларни омма олдида ҳақорат қилишган деб хабар қилган Дарё сайти.

Ҳуқуқбузарлар Камолиддин Раббимов ва Ш. Самандаровнинг ҳаракатлари ишда мавжуд тўпланган далиллар, жабрланувчи З. Турсуновнинг аризаси, гувоҳларнинг тушунтириш хатлари ва бошқа ҳужжатлар билан ўз тасдиғини топган.

Суднинг қарорига кўра, Камолиддин Раббимов Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик), 194-моддаси (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) 1-қисми ва 195-моддаси (ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш)да назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этган деб топилиб, унга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 34-моддаси (бир неча ҳуқуқбузарликни содир этганлик учун маъмурий жазо қўлланиш)га асосан узил-кесил 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.