Шавкат Мирзиёев Япония ташқи ишлар вазирини қабул қилди
(last modified Fri, 29 Apr 2022 16:15:26 GMT )
апрел 29, 2022 21:15 Asia/Tashkent
  • Шавкат Мирзиёев Япония ташқи ишлар вазирини қабул қилди
    Шавкат Мирзиёев Япония ташқи ишлар вазирини қабул қилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 29 апрель куни Ўзбекистонда расмий ташриф билан бўлиб турган Япония ташқи ишлар вазири Ёсимаса Хаясини қабул қилди.

Бу ташриф Ўзбекистон ва Япония ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 30 йил ҳамда стратегик шериклик ўрнатилганига 20 йил тўладиган йилда ўтган. Учрашувда кўп қиррали Ўзбекистон—Япония ҳамкорлигини янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилган.

2019 йил декабрь ойида Токиога амалга оширилган олий даражали ташриф мамлакатлар ўртасидаги анъанавий дўстона алоқаларни мустаҳкамлашда янги босқични бошлаб, ҳамкорликни аниқ мазмун билан бойитгани катта мамнуният билан қайд этилган.

Кейинги йилларда қўшма корхона ва лойиҳалар сони, шу жумладан Ўзбекистонда энергетика ва туризм инфратузилмасини, юқори технологик саноатни ривожлантиришга Япония етакчи компанияларининг тўғридан-тўғри инвестицияларини жалб қилиш орқали бир неча баробар кўпайган. Япониянинг ривожланиш ва ҳамкорлик институтларининг молиявий маблағлари иштирокидаги қўшма дастурлар портфели 7 миллиард доллардан ошган. Ўзаро савдо ҳажми, энг аввало, талаб юқори бўлган саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг янги турларини етказиб бериш ҳисобига ошиб борган.

Мамлакатда ўзаро ҳамкорликдаги таълим лойиҳаси – Тошкент шаҳридаги Рақамли университет муваффақиятли фаолият юритмоқда.

Давлат раҳбари олий даражадаги самарали мулоқотларни давом эттириш муҳим эканлигига алоҳида тўхталган. Япония Бош вазири Фумио Кисидага Ўзбекистонга расмий ташриф билан келиш таклифини яна бир бор тасдиқлаган.

Ёрлиқ