Қорақалпоғистондаги намойишлар жараёнида 18 киши ҳалок бўлди
Ўзбекистон Миллий гвардияси ахборот хизмати раҳбари Даврон Жуманазаровнинг ўтказилган брифингда маълум қилишича, 1—2 июль кунлари оммавий тартибсизликлар оқибатида 243 нафар фуқаро турли жароҳатлар билан шифохоналарга мурожаат қилган.
Дарё.уз сайтининг хабар қилишича, уларнинг 149 нафарига биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, муолажаларни уйида давом эттиришга рухсат берилган. Ҳозирда касалхоналарда жами 94 нафар бемор даволанмоқда. Ўгир аҳволдаги фуқаролар орасида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳам бор. Масалан, Миллий гвардия Қорақолпоғистон Республикаси бўйича Қўриқлаш бошқармаси сафдори кўкрак қисмидан ўқ отар жароҳат олган. Шу бошқарма яна бир сафдори чап оёқ болдири суяги ёпиқ синиши, 1 нафари Жиззах Миллий гвардия бошқармаси ҳарбий хизматчиси бош мия очиқ жароҳати ҳамда Тошкент шаҳри Миллий гвардия бошқармаси сержанти бош мия очиқ жароҳати билан даволанмоқда.
Бош прокуратура ахборот хизматининг маълум қилишича, тан жароҳати олган ҳуқуқ-тартибот ходимларининг умумий сони — 38 нафар. 18 нафар фуқаро вафот этган.
Республикадаги барча озиқ-овқат дўконлари, бозорлар, нон чиқарувчи корхоналар, биржа савдолари, банклар ва банкоматлар, шифохона ва бошқа ижтимоий соҳа объектлари фаолияти тўлиқ олиб бориляпти. Аҳолига электр энергияси, табиий газ ва ичимлик суви бир маромда етказиб берилмоқда.