Тузилган махсус комиссия Қорақалпоғистондаги воқеалар юзасидан текширув ўтказади
Қорақалпоғистонда юз берган ҳолат ва воқеаларни ўрганиш ҳамда улар юзасидан мустақил текширув ўтказиш бўйича комиссия тузилганини Спутник хабар қилди.
Ўзбекистон Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати Кенгашларининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди. Унда Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман)нинг Қорақалпоғистонда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш масаласига доир мурожаати кўриб чиқилди.
Мажлисда комиссия тузиш тўғрисида қўшма қарор қабул қилинди ва мазкур ҳужжат билан комиссия таркиби ва комиссия тўғрисидаги низом ҳам тасдиқланди.
“Комиссия таркибига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси вакиллари ва халқ депутатлари, нодавлат нотижорат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари ҳамда ходимлари киритилди”, дейилади хабарда.
Комиссияга раҳбарлик қилиш Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил Феруза Эшматова зиммасига юклатилди.
Айтилишича, ўтказилган текширув натижалари эълон қилинади ва Ўзбекистон жамоатчилиги ва жаҳон ҳамжамиятига етказилади.