Ўзбекистон ва Эрон Ислом Республикаси фуқаролари қай тартибда енгиллаштирилган виза олиши аниқланди
Ўзбекистон ТИВ тарқатган баёнотида Эрон ва Ўзбекистон тадбиркорлари 6 ойгача муддатга, илмий доира вакиллари ва сайёҳлар эса 1 ойгача бўлган муддатга енгиллаштирилган тартибда виза олиши мумкинлигини тушунтирди.
Эслатиб ўтамиз жорий йилнинг 13 октябрдан Ўзбекистон ва Эрон ҳукуматлари виза жараёнларини соддалаштириш тўғрисидаги битим кучга кирди.
Ҳужжатга кўра, томонлар ишбилармон ва илмий доиралари вакиллари, шунингдек, туристик гуруҳлари учун виза беришнинг соддалаштирилган тартибини жорий қилади. Бунда:
«ишбилармон доиралар вакиллари» – бир давлатнинг (Ўзбекистон ёки Эрон назарда тутилмоқда) бошқа томон ҳудудида инвестиция ва тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи фуқаролари;
- «илмий доиралар вакиллари» — бир давлатнинг (Ўзбекистон ёки Эрон назарда тутилмоқда) бошқа давлат ҳудудида фан ва илмий фаолиятни амалга оширувчи фуқаролари;
- «туристик гуруҳ» — бир давлатнинг (Ўзбекистон ёки Эрон назарда тутилмоқда) бир вақтнинг ўзида бошқа давлат ҳудудига туристик мақсадларда кирувчи 5 (беш)дан 20 (йигирма) кишигача бўлган фуқаролари тушунилади.
Икки давлат ваколатли органлари иштирокчи давлатларнинг қонун ҳужжатларида назарда тутилган тегишли ҳужжатларни олгандан сўнг, уларни 3 (уч) иш куни ичида (ҳужжат олинган кундан ташқари) кўриб чиқади ва ҳужжатлар маъқулланган тақдирда виза бериш учун тасдиқнома расмийлаштиради.
Томонлар давлатларининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари қуйидаги визаларни тақдим этади:
- бир томон давлатининг тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш мақсадида бошқа томон давлатига ташриф буюрувчи ишбилармон доиралари вакиллари учун амал қилиш муддати 6 (олти) ойгача бўлган кўп марталик кириш визаси;
- бир томон давлатининг фан ва илмий фаолиятни амалга ошириш мақсадида бошқа томон давлатига ташриф буюрувчи илмий доиралар вакиллари учун 1 (бир) ойгача амал қиладиган виза;
- бир томон давлатининг турист сифатида, туристлар гуруҳлари таркибида бошқа томон давлатига ташриф буюрувчи фуқаролари учун 30 (ўттиз) кунгача бўлган туристик виза.
Ўзбекистон ТИВ расмийси Юсуф Қобилжонов алоҳида ҳолларда, агар қўшимча кўриб чиқиш талаб этилса, виза бериш муддати 10 (ўн) кундан ортиқ бўлмаган муддатга узайтирилиши мумкинлигини маълум қилди.