АҚШ Ўзбекистон чегара қўшинларига 225 та инфрақизил монокулярлар
АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Ҳеник Ўзбекистон Республикаси ДХХ чегара қўшинларига 225 дона “FLIR” инфрақизил монокуляр тақдим этди.
Ўзбекистон Чегара қўшинлари номидан 225 дона “FLIR” инфрақизил монокулярни полковник Бахтиёр Мансуров қабул қилиб олди.
Кузатув ускуналари АҚШ давлат департаменти молиялаштирувчи Ядро қуролларини тарқатмаслик ва қуролсизланиш жамғармаси доирасида совға қилинди. Қиймати 600 минг долларга тенг ускуналар АҚШнинг хавфсизлик соҳасида Ўзбекистонга кўрсатаётган ёрдамининг бир қисми ҳисобланади.
“Умид қиламизки, ушбу топширилаётган кузатув ускуналари Ўзбекистон давлат чегарасини муҳофаза қилиш ва “яшил чегара”ни қўриқлашда чегара қўшинларининг имкониятларини оширади ҳамда чегарадаги воқеа-ҳодисаларга тезкор жавоб қайтариш имконини беради”, – дейилади элчихона хабарида.
2001 йилда АҚШ ва Ўзбекистон илк бор мудофаа соҳаси ва қуроллар тарқалишининг олдини олиш тўғрисидаги битимни имзолагандан буён икки мамлакат ядровий, биологик, кимёвий ва радиологик материаллар тарқалишига қарши курашиш, шунингдек, чегара хавфсизлигини мустаҳкамлаш бўйича тўла ҳуқуқли шерик бўлиб келмоқда.