июл 09, 2023 09:26 Asia/Tashkent

Бугун, 9 июл - Ўзбекистонда президентлик сайлови куни. Сайлов участкалари маҳаллий вақт билан соат 20:00 га қадар очиқ бўлади.

Тошкент вақти билан Соат 8:00 да Ўзбекистонда муддатидан илгари президентлик сайлови бўйича сайлов участкалари очилди. Участкаларда соат 20:00 гача овоз бериш мумкин.

Сайловда овоз бериш учун Ўзбекистон бўйича жами 10 784 та сайлов участкаси ташкил этилган. Сайлов жараёнларида 19 миллиондан ортиқ фуқаролар иштирок этиши кутилмоқда.

Бундан ташқари айни дамда хорижда яшаётган Ўзбекистон фуқаролари учун дунёнинг 39 та давлатида 56 та сайлов участкаси ташкил этилган.

Бу сафар номзодлар сони беш эмас, тўрт нафар, чунки икки партия битта номзодни илгари сурган. Номзодлар:

Халқ-демократик партиясидан — Улуғбек Иноятов;

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Либерал-демократик партия (ЎзЛиДеП) («Миллий тикланиш» партияси томонидан қўлланган) — Шавкат Мирзиёев;

«Адолат» Социал-демократик партияси — Робахон Маҳмудова;

Экологик партия — Абдушукур Ҳамзаев.

Янгиланган Конституцияга кўра, сайловда ғолиб бўлган номзод кейинги 7 йил давомида президентлик қилади.

Марказий сайлов комиссиясига кўра, 2023 йил 1 июл ҳолатига жами 376 минг 623 нафар сайловчилар муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланган. Шундан республика ҳудудида – 275 минг 592 нафар, хорижда – 101 минг 31 нафар сайловчи овоз берган.

Ёрлиқ