Хитойнинг Ўзбекистонга киритган сармоялари беш баробар ошди
-
Хитойнинг Ўзбекистонга киритган сармоялари беш баробар ошди
Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов ҳамда Хитойнинг ушбу мамлакатдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ю Жун ўртасида бўлиб ўтган учрашув чоғида ХХРнинг Ўзбекистон иқтисодиётига киритган инвестицияси миқдори сўнгги йилларда 5 баробар ортгани маълум қилинди.
Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигининг матбуот хизмати маълумотига кўра, учрашув чоғида Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил май ойида Хитойга ташрифи доирасида эришилган келишувларни ҳаётга татбиқ қилиш, шунингдек, икки томонлама савдо-иқтисодий, сармоявий, молиявий-техникавий ҳамкорликни кенгайтириш имконияти муҳокама қилинди.
Ўзаро савдони ривожлантириш истиқболи кўриб чиқилди. Маҳсулот ва хизмат алмашинуви 2022 йил 8,92 миллиард долларни, 2023 йил биринчи ярмида 5,6 миллиард долларни ташкил этгани билдирилди. Бошқа чоралар билан бир қаторда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб беришни кенгайтириш ҳисобига ушбу кўрсаткич янада ўсишини таъминлаш мақсадида биргаликдаги саъй-ҳаракатни фаоллаштириш муҳимлиги таъкидланди.
Хитойнинг Ўзбекистон иқтисодиётига киритган инвестицияси ўсиш суръати жадаллашиб, сўнгги йилларда 5 баробар ортгани ҳолда 2022 йили 2,2 миллиард долларга етгани, мамлакатимизда Хитой капитали иштирокидаги корхоналар сони уч баробар ошгани қайд этилди.
Учрашувда шунингдек, инвестиция соҳасида ҳамкорлик ва саноат кооперацияси кўламини кенгайтириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди. Энергетика, кимё саноати, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, инфратузилма ва транспорт соҳаларида қўшма лойиҳалар жорий этиш ҳолати кўриб чиқилди.