Мирзиёев Ашхобод саммитида бир қатор таклифларни билдирди
Ўзбекистон президенти 4 август куни Ашхободда Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов раислигида ҳамда Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон иштирокида ўтган уч томонлама саммитда иштирок этди.
Учрашув кун тартибига мувофиқ, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, энергетика соҳасини ривожлантириш, транспорт-логистика салоҳиятини ошириш бўйича ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Ўзбекистон президенти минтақа мамлакатларининг муштарак очиқлик, бирдамлик ва ҳамжиҳатлик сиёсати ўзининг амалий натижаларини бераётганини қайд этди. Якдиллик туфайли икки томонлама ва минтақавий кун тартибининг долзарб масалалари юзасидан ўзаро мақбул ечимлар қабул қилинаётгани таъкидланди.
Ўзбекистон президенти янги хавф-хатарларга эътибор қаратиб, уларга муносиб ва чуқур ўйланган жавобларни биргаликда излаш зарурлигини кўрсатиб ўтди.
Сув тежайдиган илғор технологияларни жорий этиш ва ирригация тизимларини модернизация қилиш, сув ресурсларини бошқариш жараёнларини рақамлаштириш, сел ва тошқин сувларини тўплаш ва сақлаш учун инфратузилмани биргаликда ривожлантириш каби йўналишларда ҳамкорликни фаоллаштириш таклиф қилинди.
Мамлакатларнинг «яшил иқтисодиёт»га ўтишга интилиши муштарак эканини ҳисобга олиб, гидро ва иссиқлик энергетикасида лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш ташаббуси илгари сурилди.
Ўзаро интеграциялашган транспорт инфратузилмасини яратиш борасидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон етакчиси «Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон» йўлагининг ривожлантирилиши, Транскаспий йўналиши салоҳиятининг ишга солиниши Марказий Осиёнинг «Шарқ – Ғарб» ва «Шимол – Жануб» халқаро йўлакларидаги транзит маркази сифатидаги жозибадорлигини оширишига ишонч билдирди.
Шу мақсадда халқаро юк ташувчилар учун қулай шароитлар яратиш, рақамлаштиришни жадаллаштириш ва назорат-ўтказиш масканларининг ўтказувчанлик қобилиятини ошириш йўлида биргаликда ишлаш таклиф қилинди.