Ўзбекистон ва Беларусь товар айирбошлаш ҳажмини 1 млрд долларга етказмоқчи
(last modified Thu, 07 Sep 2023 07:55:06 GMT )
сентябр 07, 2023 12:55 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон ва Беларусь товар айирбошлаш ҳажмини 1 млрд долларга етказмоқчи
    Ўзбекистон ва Беларусь товар айирбошлаш ҳажмини 1 млрд долларга етказмоқчи

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Нарбаева ва Беларусь бош вазири Роман Головченко ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди.

Учрашувда сўнгги йилларда олий даражада ўзаро ишончга асосланган мулоқот йўлга қўйилгани туфайли Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги дўстлик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатлари янги даражага кўтарилгани таъкидланди.

Савдо-иқтисодий ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми бир неча баравар ортиб, 2022 йилда 500 млн доллардан ошди. Жорий йил бошидан бери бу кўрсаткич яна 37 фоизга (346 млн доллар) ўсди.

Ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 1 млрд долларга етказиш учун қонунчилик даражасида биргаликда амалга ошириладиган ишларни йўлга қўйиш зарурлиги қайд этилди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳукуматлараро комиссиянинг 10-мажлисини ўтказишга ҳозирлик кўрмоқда. Учрашувда икки мамлакат ўртасида эришилган келишувларни амалга оширишнинг ҳуқуқий жиҳатларига кўмак бериш юзасидан фикр алмашилди.

Ўзбек ва беларус тадбиркорлари 92 млн долларлик шартномалар имзолашди

Шунингдек,Минск шаҳрида 6 сентябрь куни Ўзбекистон – Беларусь бизнес доиралари ва тадбиркор аёллар биринчи бизнес-форуми бўлиб ўтди

Икки мамлакат тадбиркор аёллари ўртасида “B2B” форматида ўтказилган учрашувлар натижасида 92 млн доллар миқдорида 42 та шартнома ва 17 та меморандум имзоланди.

 

Форум сўнггида якуний ҳужжат (декларация) қабул қилинди. Унда савдо-иқтисодий, инвестиция, илмий-техникавий, ижтимоий-маданий, таълим, гуманитар, туризм ва ўзаро манфаатли бошқа соҳалардаги ҳамкорликни кучайтириш масалалари акс этди.

Ёрлиқ