октябр 05, 2023 16:09 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон президенти Татаристонга ҳам сафар қилди
    Ўзбекистон президенти Татаристонга ҳам сафар қилди

Шавкат Мирзиёев Татаристонга етиб борди. Олий мартабали меҳмонни Абдулла Тўқай номидаги халқаро аэропортида Татаристон раиси Рустам Минниханов ва Россия саноат ва савдо вазири Денис Мантуров кутиб олди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Татаристонга ташрифи давомида мамлакат саноат салоҳияти кўргазмасига (“Казан-Эхпо” ХКМ) ташриф буюради. “Россия – Ўзбекистон” минтақалар форуми якунлари билан танишади. Қозон шаҳридаги Б. Рамеев номидаги юқори технологиялар технопарки ва бир қатор бошқа объектларга ташриф буюради. Татаристон раиси Рустам Минниханов билан Қозон Кремлида учрашув режалаштирилган.

Татаристон ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айланмаси йилнинг биринчи ярмида 30 фоизга ошди. Бу ҳақда Татаристон раиси Рустам Минниханов маълум қилди, деб ёзмоқда РИА Новости.

Татаристон ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айланмаси 2022 йилда 50 фоизга ўсди ва 290 миллион доллардан ошди. 2023 йилнинг биринчи ярмида эса ўсиш 30 фоизни ташкил этди.

“Ўтган йил охирида Татаристон-Ўзбекистон товар айирбошлаш ҳажми 50 фоизга ўсиб, 290 миллион доллардан ошди. Жорий йилнинг биринчи ярмида товар айирбошлаш ҳажми яна 30 фоизга (тахминан 150 миллион доллар) ошди”, — деди Миннихонов Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги III минтақалараро ҳамкорлик форуми чоғида.

Татаристон раҳбарининг сўзларига кўра, республика ўзаро товар ва хизматлар етказиб бериш ҳажми ва турларини кўпайтириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ишларни давом эттиради. Бунинг учун, унинг фикрича, керак бўлган ҳамма нарса мавжуд.

У Ўзбекистонда Татаристон ваколатхонаси, Қозон шаҳрида эса Ўзбекистон Бош консуллиги муваффақиятли фаолият юритаётганини эслатди. Қозон ва Тошкент, Самарқанд ва Фарғона ўртасида тўғридан-тўғри рейслар мавжуд.

Савдо-саноат палаталари, Татаристоннинг етакчи корхона ва ташкилотлари орқали ишлар олиб борилмоқда. Ўзбекистонга КАМАЗ автомобиллари етказиб берилмоқда, Тошкентда автомарказ, Самарқандда автогигант автомобилларини йиғиш линияси очилди.

Ўтган йили Ўзбекистонда Татаристоннинг “Химград” технополис ва ўзбекистонлик ҳамкорларининг қўшма лойиҳаси бўлган “Чирчиқ” кимё-саноат технопаркининг очилиши бўлиб ўтди.

Жиззахда Қозон федерал университетининг филиали мавжуд. Шунингдек, жорий йилнинг апрель ойида Жиззахда иккинчи қўшма технопаркнинг очилиши бўлиб ўтди. Айни пайтда Бухоро ва Навоий вилоятларида саноат майдончаларини ташкил этиш ишлари олиб борилмоқда.

Ёрлиқ