Ўзбекистон Афғонистондан Ҳинд океанигача бўлган логистика коридорини яратишни таклиф қилди
Ўзбекистон транспорт вазири Остонада бўлиб ўтшан 4-халқаро савдо ва логистика йиғилишида Афғонистондан Ҳинд океанигача бўлган логистика коридорини яратишни таклиф қилди
Қозоғистоннинг Остона шаҳрида IV Халқаро транспорт-логистика бизнес-форуми «NEW SILK WAY» бўлиб ўтди.
Транспорт ҳафталиги доирасида ташкил этилган тадбирда эксперт ва иштирокчилар транспорт тизимлари интеграцияси ва ҳамкорлик масалаларини, ўрта коридорни ривожлантириш ҳамда мультимодал ташувлар соҳасидаги янги технологиялар ва инновациялар, юк ташувлар самарадорлигини ошириш ва етказиб беришни такомиллаштириш масалаларини муҳокама этмоқда деб хабар қилган Гов.уз.
Бизнес-форум ишида Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазири Илхом Махкамов бошчилигидаги делегация ҳам иштирок этмоқда. Илхом Махкамов форумдаги нутқида бугун дунёда кузатилаётган геосиёсий жараёнлар фонида интермодал ва мультимодал ташувларнинг аҳамияти ортиб бораётганлигини таъкидлади.
Айни шу жиҳатни инобатга олган ҳолда Ўзбекистон томонидан минтақада истиқболли мультимодал транспорт йўлакларини шакллантириш ва мавжудларини ривожлантириш борасида амалий чоралар кўрилмоқда.
Жумладан, МДҲ давлатларидан Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон орқали Ҳинд океани портларига чиқиш имкониятига эга янги минтақавий коридор яратиш ташаббуси фаол илгари сурилмоқда.
Таҳлилларга кўра 2022 йилда Афғонистон орқали Покистонга транзит юк ташиш ҳажми икки баравар кўпайиб, 670 минг тоннани ташкил этди. 2023 йил охирига келиб юк ташиш ҳажми 1 миллион тоннадан ортиқ бўлиши кутилмоқда.