Ўзбекистон зилзиладан жабр кўрган Афғонистон халқига инсонпарварлик ёрдами юборди
Ўзбекистон зилзиладан жабр чеккан қўшни Афғонистон халқига инсонпарварлик ёрдами юборди.
Ҳиротда бўлиб турган Kun.uz мухбирининг хабар беришича, озиқ-овқат, палаткалар ва тиббий воситалардан иборат ёрдам энг катта юк самолёти – Boeing-747да етказиб берилди. Мезбонлар вакили Мавловий Шарофиддин Муслим синовли кунларда берилаётган бу ёрдамларни афғон халқи ҳеч қачон эсдан чиқармаслигини таъкидлади.
Ўзбекистон тарафи юборган ёрдам таркибида озиқ-овқат маҳсулотлари: ун, буғдой, ёғ, макарон, гўшт маҳсулотлари, гуруч, шакар; чодир ва одеяллар, шунингдек бирламчи тиббий ёрдам учун зарурий барча воситалар бор.
Инсонпарварлик ёрдами Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматилла Иргашев бошчилигида етказилди. Тадбирда, шунингдек ОАВ вакиллари ҳам қатнашди.
Ўзбекистон делегациясини Афғонистон ҳукумати томонидан тузилган зилзила оқибатларини бартараф қилиш бўйича комиссия раиси Мавлавий Шарофиддин Муслим, раис ўринбосари Аҳмадулло Муттақий ҳамда Транспорт ва фуқаро авиацияси вазири ўринбосари Абдул Саттор Гурволлар кутиб олди.