Исроил режими Сурия ҳудудида қандай якуний мақсадни кўзламоқда?
-
Исроил режими Сурия ҳудудида қандай якуний мақсадни кўзламоқда?
Исроил режими томонидан Сурия жанубидаги Қунейтра вилоятга қарашли қишлоқ хўжалиги ерларининг артиллерия ўқига тутилиши, сионистик режимнинг чегара ҳудудларидаги хавотирли аралашувлари кўламини яна бир бор ошкор этди.
Якшанба куни сионистик режим ҳарбийлари Сурия жанубидаги Қунейтра атрофида жойлашган қишлоқ хўжалиги ерларини ўққа тутди. Pars Today сайти Al-Araby Al-Jadeed манбасига таяниб хабар беришича, портлаш овозлари Қунейтра ва Даръа вилоятлари орасида жойлашган, «ўлим учбурчаги» деб аталадиган ҳудудга Исроил артиллерияси томонидан амалга оширилган зарбалар натижасида юзага келган. Ушбу ҳужум бир ҳафта олдин сионистик ҳарбийлар томонидан Қунейтранинг шимолий ҳудудида жойлашган Жабота ал-Хашаб шаҳарчаси ва Уфания қишлоғига уюштирилган рейддан сўнг содир этилди.
Бу ҳужумлар АҚШ назорати остида Жўлоний ҳукумати мансабдорлари билан Исроил режими ўртасида олиб борилаётган махфий музокаралар ҳақидаги хабарлар фонида амалга ошмоқда. Бу бир вақтдаги жараён Тель-Авивнинг стратегияси ҳақида саволлар уйғотади: артиллерия ўқи ва музокаралар — Дамашққа босим ўтказиш ҳамда Сурия жанубидаги хавфсизлик мувозанатини ўзгартиришга қаратилган ўзаро тўлдирувчи икки воситами?
Шу муносабат билан араб ёзувчиси ва тадқиқотчиси Муҳиб ар-Рафоий АҚШ назорати остида «Қўшма мувофиқлаштириш механизми» деб аталувчи тузилма доирасида Жўлоний ҳукумати билан Исроил режими ўртасида олиб борилаётган музокараларга, шунингдек Тель-Авивнинг Дамашқ ҳукумати билан хавфсизлик бўйича келишув имзолашга интилаётганига ишора қилди. Унинг таъкидлашича, бу ҳаракатлар Сурия халқи иродасига зид бўлиб, мамлакат аҳолиси Исроил режимини тан олишга қатъий қарши.
Араб сиёсий тадқиқотлар ва ўрганишлар маркази 2025 йил август ойида Сурия жамоатчилик фикрига бағишланган сўровнома ҳисоботини эълон қилди. Унда сурияликларнинг 74 фоизи Исроилни тан олишни рад этиши ва унга қарши экани очиқ-ойдин кўрсатилган. Бу қаршилик рамзий позиция ёки миллий шиорга эмас, балки Исроилни мустамлакачи ва ишғолчи режим сифатида англашга асосланган. Чунки у аҳоли жойлашувини кенгайтириш сиёсати олиб боради, Сурияга тегишли Жўлон тепаликларини ишғол қилган ва араб жамиятларини парчалаш ҳамда минтақавий гегемонияга эришишни кўзлаган экспансионист куч сифатида баҳоланади.
Ар-Рафоий ёзишича, бу маълумотлар Исроил сурияликлар назарида очиқ ва тизимли душман эканинигина эмас, балки жамоатчилик онгида у турли воситалар — тўғридан-тўғри бомбардимонлар ва суиқасдлардан тортиб, ажралиб чиқиш кайфиятларини қўзғатишгача — орқали Сурия ички барқарорлигини издан чиқараётган актёр сифатида қабул қилинишини ҳам кўрсатади. Шу маънода, Исроил таҳдиди фақат чегаравий эмас, балки давлат ва жамият даражасида Сурия барқарорлигига қаратилган таҳдиддир. Хавфсизлик бўйича эҳтимолий келишув ҳам сурия жамиятида Исроил образини ўзгартирмайди.
Бу ўйин майдони Суриядаги друз жамиятининг маркази ҳисобланган Сувейда шаҳрида намоён бўлмоқда. Euronews хабарига кўра, ўтган ёздаги тўқнашувлардан сўнг Сувейда амалда ўзини Дамашқ ҳокимиятидан ажратган. Ўша тўқнашувлар давомида Исроил Жўлоний ҳукумати кучларига зарба бериб, ўзини друзлар ҳомийси сифатида кўрсатган. Euronews таъкидлашича, бугун Сувейда кўчаларида Исроил байроқлари кўзга ташланади, шаҳарни эса Исроилга яқин шахс раҳбарлигидаги «Олий ҳуқуқий қўмита» ва унинг ҳарбий қаноти бошқармоқда. Бу орқали Исроил Сурия ҳудуди чуқурида таъсир нуқтасини шакллантириб, друзлар автономияси ғоясини Сурия ҳукуматини заифлаштириш воситасига айлантирган. Бу стратегия эса сурияликларнинг мутлақ кўпчилиги орасида ишончсизликни янада чуқурлаштирмоқда.
Euronews хулосасига кўра, Сурия жанубидаги ҳозирги вазият «мўрт тинчлик» манзарасини акс эттиради. Сувейда ярим мустақил ҳудуд сифатида бошқарилмоқда ва унинг легитимлигини Дамашқ тан олмаяпти. Исроилнинг Сурия жанубий чегараларига қарши такрорий ҳарбий ҳужумлари давом этмоқда, Жўлоний ҳукумати эса Сувейдада йўқолган тинчликни тиклашда муҳим роль ўйнай олмаган. Шу шароитда, ҳам қаттиқ ҳарбий куч, ҳам юмшоқ таъсир механизмларидан фойдаланаётган актёр сифатида Исроилнинг ролиҳар қачонгидан-да яққолроқ намоён бўлмоқда. Исроилнинг Суриянинг айрим ҳудудларидаги иштироки чуқур беқарорликнинг давом этишига олиб келмоқда ва бу мамлакатнинг келажак барқарорлигини жиддий хавф остига қўяди.