Пекинда бўлиб ўтган “Бир камар-бир йўл” форуми якунига доир сарҳисоб
(last modified Tue, 16 May 2017 07:52:25 GMT )
май 16, 2017 12:52 Asia/Tashkent

Хитой пойтахти Пекин шаҳрида 14-15 май кунлари Буюк ипак йўлини қамраб олган мамлакатларининг иқтисодий боғланиши ва халқаро ҳамкорлиги бўйича “Бир камар-бир йўл” номи остидаги иқтисодий Форуми бўлиб ўтди

      Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан. 

      Ассалому алайкум, қадрли тингловчилар.

      Таҳлилий эшиттиришнинг бугунги сонини эътиборингизга ҳавола этаман.  

     Бугунги  суҳбатимиз “Пекинда бўлиб ўтган “Бир камар-бир йўл” халқаро форуми”га доир мавзуга бағишланади.     

     Эшиттиришимизни охиригача бизга ҳамроҳлик қиласиз деган умиддамиз.

       Хитой пойтахти Пекин шаҳрида 14-15 май кунлари Буюк ипак йўлини қамраб олган мамлакатларининг иқтисодий боғланиши ва халқаро ҳамкорлиги бўйича “Бир камар-бир йўл” номи остидаги иқтисодий Форуми бўлиб ўтди. Форумда иштирок этиш учун дунёнинг 130 мамлакатидан 1500 нафар вакиллар келган. Улар орасида 29 мамлакат раҳбарлари ҳам иштирок этган. Бундан ташқари, форумда БМТ бош котиби, Халқаро валюта фонди бош директори ҳамда Жаҳон банки президенти ҳам қатнашди. Форумнинг биринчи кунида очилиш маросимидан ташқари ялпи йиғилиш ҳам ўтказилди ва унда 6та параллел мавзу муҳокама қилинди. Иккинчи кунда эса давлат раҳбарларининг алоҳида учрашувлари ўтказилди. Шунингдек, раҳбарларнинг биргаликда суратга тушиш маросими ҳамда ишчи тушлик ўтказилди. Форум концепцияси илк бор ХХР раиси Си Цзинпинг 2013 йилнинг кузида Марказий Осиё давлатлари ва Индонезияга ташриф буюрганда очиқланган эди. «Бир макон, бир йўл»ни барпо этиш Хитойнинг янги ҳукумати олдига қўйилган муҳим масалалар рўйхатига киритилган эди. Ўшанда Хитой ташқи ишлар вазири Ванг Йи бу ташаббусни амалга ошириш 2015 йилда Хитой ташқи сиёсий фаолиятининг «фокуси»га айланишини айтиб ўтган эди.

       Хитой томонидан илгари сурилаётган ушбу ташаббуснинг моҳияти — Хитой иштирокидаги мавжуд минтақавий икки томонлама ва кўптомонлама механизмлар ва ўзаро таъсир структураларини мустаҳкамлаган ҳолда, халқаро ҳамкорлик ва тараққиётнинг янги моделини излаб топиш, шакллантириш ва илгари суришни назарда тутади. Қадимий Ипак йўли руҳиятини ривожлантириш ва давом эттириш асносида «Бир камар-бир йўл» минтақавий иқтисодий ҳамкорликнинг янги механизмларини ишлаб чиқиш, жалб этилган давлатларнинг иқтисодий равнақ топишини рағбатлантириш, турли цивилизациялар ўртасидаги турли соҳалардаги маданий айирбошлаш ва алоқаларни мустаҳкамлаш, шунингдек, тинчлик ва барқарор ривожланишга кўмаклашиш ётади. Хитойнинг расмий маълумотларига кўра, «Бир макон, бир йўл» ривожланаётган давлатлар, жумладан, янги иқтисодиётлар ва ривожланган давлатлардан иборат Евроосиё материгининг катта қисмини қамраб олади. Мегалойиҳа ҳудудида жуда бой ресурслар захиралари бор, бу ерда Ер куррасининг 63 фоиз аҳолиси истиқомат қилади, тахмин қилинаётган иқтисодий миқёс эса 21 триллион долларга тенг.

       Евроосиё бўйлаб имтиёзли шартларда тўғридан-тўғри юк ташиш учун савдо йўлаклари яратишни назарда тутадиган ушбу лойиҳанинг асосий инвестори ва бош ташаббускори Хитой ҳисобланади. Якшанба куни бўлиб ўтган форумда Хитой халқ республикаси раиси Си Цзинпинг «Бир макон, бир йўл» лойиҳасига Хитой инвестициялари ҳажмини янада ошириш ниятини ошкор этди. У Евроосиё давлатлари ўртасида ўзаро алоқаларни йўлга қўйиш ва инфратузилмани яратишга мўлжалланган. Стратегия ривожланишнинг икки муҳим йўналишини қамраб олади: Ипак йўлининг иқтисодий макони ва денгиздаги Ипак йўли. Гап Шарқдан Ғарбга имтиёзли шартларда маҳсулотларни тўғридан-тўғри етказиб бериш учун савдо йўлагини яратиш ҳақида бормоқда. Си Цзинпингнинг маълум қилишича, “Бир макон – бир йўл” ташаббуси инклюзив ва очиқ майдон бўлиб, бу ерда барча иштирокчилар тенг асосда ўз ҳиссасини қўшиши ва фойда олиши мумкин. "Биз янада очиқлик орқали қалин ўзаро манфаатли ҳамкорликни истаймиз, биз бу ҳамкорликни мафкуравий асосга боғлаш, қандайдир сиёсий босим ўтказиш ёки қандайдир экслюзив келишувларга эришиш ниятида эмасмиз”, - дея қўшимча қилиб ўтди Хитой етакчиси.

        Бундан ташқари, унинг айтишича, Хитой томонидан таклиф этилган “Бир камар– бир йўл” стратегияси, иштирокчи давлатлар саъй-ҳаракати билан тинчлик, фаровонлик ва инновациялар “йўлига” айланади ва кейинчалик цивилизацияни бирлаштиради. Пекин шаҳрида бўлиб ўтган “Бир макон – бир йўл” форуми иштирокчилари савдо протекционизмининг яъни (бирор давлатнинг ўз миллий иқтисодиётини чет эл рақобатидан ҳимоя қилишга қаратилган иқдисодий сиёсати) исталган шаклига қарши чиқмоқда, жумладан ташаббуснинг ўзи доирасида ҳам. Бу ҳақда форум якуни бўйича қилинган қўшма баёнотда айтилди. "Биз очиқ иқтисодиётни қуриш, эркин ва инклюзив савдони таъминлашга содиқлигимизни тасдиқлаймиз, протекционизмнинг исталган шакли, жумладан “Бир макон – бир йўл” ташаббуси доирасида ҳам қарши чиқмоқдамиз", - дейилади баёнотда. «Бир камар, бир йўл» ташаббусининг амалга ошиши кўп жиҳатдан Хитойга боғлиқ, ушбу умумбашарий лойиҳанинг муваффақиятли амалга ошиши учун Пекиннинг қилиши мумкин бўлган энг хайрли иш — ўз иқтисодий юксалишини ошириб бораверишидир. Евроосиё бўйлаб имтиёзли шартларда тўғридан-тўғри юк ташиш учун савдо йўлаклари яратишни назарда тутадиган ушбу лойиҳанинг асосий инвестори ва бош ташаббускори Хитой ҳисобланади. Хитой Пекиндаги форум вақтида 30дан ортиқ мамлакатлар билан савдо ва бизнес келишувлари тузишни режалаштирган.

       Хитой иккинчи «Бир камар – бир йўл» халқаро иқтисодий ҳамкорлик форумини 2019 йили ўтказишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда ХХР раиси Си Цзинпинг Пекинда бўлиб ўтган «Бир камар – бир йўл» форуми якунида матбуот анжуманида маълум қилди. Россия президенти Владимир Путин ҳам форум якунида чиқиш қилган. «Жаноб Си Цзинпинг кейинги учрашув 2019 йилда бўлиб ўтишини эълон қилди. Бу форум қандай самара беради, буни ҳаёт кўрсатади. Айтганларимиз амалга ошадими, йўқми, биз шу иш билан шуғулланамиз», деган Путин.

     “Бир макон – бир йўл” ташаббуси доирасида олий даражадаги форум иштирокчилари икки кунлик мунозаралар давомида жиддий ижобий натижаларга эришишди. Бу ҳақда ХХР раиси Си Цзинпинг форум якуни бўйича ўтказилган матбуот-анжуманида маълум қилди. "Форум доирасида амалий ҳамкорлик даражасини оширишга ва жиддий ижобий натижаларга эришишга муваффақ бўлдик", - дея айтиб ўтди Хитой етакчиси. Шунингдек, унинг таъкидлашича, Хитой ташаббус иштирокчиларига бундан кейин ҳам керакли кўмак кўрсатишга, инфратузилма лойиҳаларини ривожлантиришга, ўзаро алоқаларни яхшилаш устида ишлашга, қашшоқлик ва коррупция билан курашишга тайёр.

      Муҳтарам тингловчилар, " Таҳлилий эшиттиришга" ажратилган вақт ўз ниҳоясига етди. Дастурларимиз давом этади. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Яна радио тўлқинларида учрашгунча хайр, меҳрибон ва раҳимли аллоҳ паноҳида қолинг.

 

Ёрлиқ