Шимолий Кореянинг ракета синовлари Россия томонидан қораланди
Россия ташқи ишлар вазирлигининг ўринбосари Владимир Титов бугунги чиқишида Шимолий Кореянинг ракета синовларини қоралади
Россия Шимолий Кореянинг бугун эрталаб амалга оширган ракета синовларини қоралади. Ройтерз ахборот агентлигига кўра, Россия ташқи ишлар вазирлигининг ўринбосари Владимир Титов бугунги чиқишида Шимолий Кореянинг ракета синовларини қоралади ва жаҳон ҳамжамиятидан Шимолий Корея давлатининг ушбу ҳаракатларига нисбатан дарровда кескин чоралар қўллашга киришмаслигини сўради.
Шимолий Корея 2 ҳафта ичида учинчи ракетани учирди. Шимолий Корея бугун 29 май куни маҳаллий вақт билан тонгда охирги 2 ҳафта ичидаги учинчи баллистик ракетани учирди. Аввалги ракеталар 14 ва 21 май кунлари учирилган эди.
Охирги ракета Шимолий Кореянинг шарқидаги Вонсан шаҳри яқинидан учирилган. Япония ва АҚШ расмий шахсларининг маълумотларига кўра, ракета 6 дақиқалик парвози вақтида 450 км масофа учиб ўтиб, Япон денгизига, Япониянинг Симанэ префектурасидаги Оки оролидан 300 км узоқликда Япония иқтисодий ҳудудига тушган. Ракетанинг парвоз баландлиги 100 км ни ташкил қилган.
Япония ва Жанубий Корея ҳарбийларининг тахминича, "Скад" туридаги ўрта масофаларга мўлжалланган ракета учирилган.