Россия Ўзбекистонга тест режимида фақатгина 30 минг тонна нефть етказиб беради
Аввалига гап 500 минг тонна нефть ҳақида борганди
Россия Ўзбекистонга яқин орада нефть етказиб беришни бошлайди, бироқ углеводород хомашёси ҳажми ҳозирча чекланган бўлади, деб хабар берди neftegaz.ru.
2017 йилда Россия Ўзбекистон билан эришилган келишувлар доирасида хом нефтни етказиб беришни бошлайди. Аввалига гап 500 минг тонна нефть ҳақида борганди. Бироқ жорий йилда бу ҳажм атиги 30 минг тоннани ташкил этиши мумкин.
Маълумки, Ўзбекистонга нефть тест режимида етказиб берилади, дея таъкидлайди нашр.
Нефтни етказиб беришнинг аниқ ва қатъий жадвали ҳозирча йўқ.
Ўзбекистонга нефть Омск-Павлодар-Чимкент магистраль нефтқувури орқали етказиб берилиши мўлжалланган.
Аввалроқ РФ энергетика вазири А.Новак ва Қозоғистон энергетика вазири К.Бозумбаев Россия нефтини Қозоғистон орқали Ўзбекистонга етказиб бериш ҳақида келишиб олишганди.
Бироқ Ўзбекистон яқин келажакда Қозоғистон билан чегарагача магистрал нефтқувурини қуриш ниятида. Бу жорий йилда Жиззах вилоятида қурилиши бошланган нефтни қайта ишловчи янги заводни хомашё билан таъминлаш мақсадида қилинади.
Нефтқувурининг узунлиги 95 км бўлади. Тахминларга кўра, у Омск-Павлодар-Чимкент нефтқувури билан боғланади.