Россиянинг Туркиядаги янги элчиси тайинланди
Владимир Путин Алексей Ерховни Россиянинг Туркиядаги элчиси лавозимига тайинлади
Россия президенти Владимир Путин Алексей Ерховни Россиянинг Туркиядаги элчиси лавозимига тайинлади. Ерхов номзоди май ойида Россия Давлат Думасининг халқаро ишлар бўйича қўмитаси томонидан қўллаб-қувватланган эди.
У шу вақтгача Россиянинг Туркиядаги элчиси лавозимини вақтинча бажарувчиси бўлиб келаётган маслаҳатчи-вакил Сергей Панов ўрнида иш бошлади. Ерхов шу кунгача Россия ТИВ таркибида фаолият кўрсатиб келган. Эслатиб ўтамиз, Россиянинг Туркиядаги аввалги элчиси Андрей Карлов 2016 йилнинг 19 декабрь куни Анқарада, Россия маданиятига бағишланган кўргазма очилиши вақтида отиб ўлдирилган эди. Ҳужум собиқ полициячи Мавлуд Олтинтош томонидан амалга оширилган, у хавфсизлик кучлари томонидан йўқ қилинган. Россия ТИВ бу ҳодисани теракт сифатида баҳолаган, Туркия томони қотил Фатҳуллоҳ Гулен тарафдори бўлганини маълум қилган.