МДҲ саммитида қатор ҳужжатлар имзоланди
МДҲ мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган яна қатор ҳужжатлар қабул қилинди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 10-11 октябрь кунлари Россия Федерациясининг Сочи шаҳрида бўлиб ўтган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида иштирок этди. Саммитнинг асосий тадбирлари 11 октябрь куни бўлди.
Сочидаги Халқаро конгресслар марказида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин кутиб олди. Дастлаб МДҲ давлат раҳбарлари тор доирада учрашув ўтказди. Унда Ҳамдўстлик доирасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, ушбу халқаро тузилма фаолиятини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди, минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашилди.
ЎзА хабарига кўра, йиғилишда Афғонистондаги вазиятга ҳам эътибор қаратилди. Жиноий даромадларни легаллаштириш, коррупция, терроризм, наркобизнес каби хавф-хатарларга қарши биргаликда курашиш масалалари муҳокама қилинди.
МДҲга раислик қиладиган навбатдаги мамлакат масаласи кўриб чиқилди. Умумий қарорга мувофиқ, 2018 йилдан ушбу халқаро тузилмага раислик Тожикистон Республикасига ўтди. Давлат раҳбарлари музокараларни кенгайтирилган таркибда давом эттирди. Мажлисда Ҳамдўстлик мамлакатларининг Парламентлараро ассамблеяси фаолиятини такомиллаштириш, Ташқи ишлар вазирлари кенгаши ва Иқтисодий кенгашини ривожлантириш, келгуси йилларда МДҲнинг маданий пойтахтларини белгилаш каби масалалар муҳокама қилинди.
МДҲга аъзо мамлакатлар давлат раҳбарларининг Оила институти ва анъанавий оилавий қадриятларни қўллаб-қувватлаш бўйича баёноти, Ҳамдўстликда 2019 йилни Китоб йили, 2020 йилни 1941-1945 йиллардаги улуғ Ватан урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги йили, деб эълон қилиш ҳақида қарор қабул қилинди. Ҳамдўстлик мамлакатларининг жиноий даромадларни легаллаштириш, терроризм ва қирғин қуролларини тарқатишни молиялаштириш, коррупцияга қарши курашиш соҳаларидаги ҳамкорлигига доир концепциялар маъқулланди.
Шунингдек, МДҲ мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган яна қатор ҳужжатлар қабул қилинди.