Бугун умумжаҳон мигрантлар куни
(last modified Tue, 19 Dec 2017 08:11:04 GMT )
декабр 19, 2017 13:11 Asia/Tashkent
  • Бугун умумжаҳон мигрантлар куни
    Бугун умумжаҳон мигрантлар куни

Россия ИИВ ҳисоботига кўра, 2017 йилнинг 11 ойида Россияда 14 млндан ортиқ чет эл фуқаролари рўйхатга олинган. Улар орасида энг кўп ўзбекистонликлар – 3,1 млн киши, Тожикистон – 1,58 млн ва Украина – 1,34 млн.

ТОШКЕНТ, 18 дек — Sputnik. Бугун 18 декабрь умумжаҳон мигрантлар куни. Ушбу байрам 2000 йилда БМТ томонидан белгиланган, РИА Новости хабарига асосан.

Ушбу сана бекорга танланмаган, 1990 йилнинг айнан шу кунида БМТ меҳнат-мигрантларининг ва уларнинг оила аъзоларини ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи конвенцияни имзолаган эди.

Жаҳонла миграция оммавийлашувига мамлакатларнинг турли даражадаги иқтисодий ривожланиши сабаб бўлган. Иқтисодиёти тез ривожланаётган мамлакатларда, табиийки ишчи кучига бўлган талаб ошади. Ундан ташқари бугунги кунда ривожланган мамлакат орасида аҳоли “қариши” ҳолати кузатилмоқда. Яъни ишлайдиганларга нисбатан  нафақахўрлар сони кўпайиши ҳам ёш ишчи кучи етишмаслигига олиб келмоқда.

Миграция турли муаммоларга сабаб бўлсада, аксарият ҳолларда мигрантлар ўзлари келган мамлакатдаги бўшлиқларни тўлдиришади, маҳаллий аҳоли ишлашни хохламаган иш ўринларини эгаллашади. Шунингдек, мигрантлар орасида тадбиркорлар ҳам пайдо бўлиб, мамлакат ЯИМига ўз ҳиссасини қўшиш ҳоллари ҳам кўплаб кузатилмоқда.

2016 йилнинг сентябрь ойида БМТ мигрантлар ва қончинлар масаласи бўйича илк бор умумжаҳон декларацияси қабул қилди. Нью Йорк декларацияси деб ном олган ушбу ҳужжат мигрантлар ва қочқинларга нисбатан инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жавобгарлик бурчи барча учун бир хил бўлиши, инсон ҳаётини ҳар нарсадан устун қўйиш каби нормалардан фойдаланишга даъват этади. 2018 йилда хавфсиз, тартибли ва бошқариш имкони бўлган миграция ҳақидаги умумжаҳон шартномаси имзолаш режалаштирилган.

Жаҳон банки тадқиқотларига кўра, дунёда 247 миллион киши (3.4 %) ўз ватанидан узоқда яшар экан. Мигрантлар сони энг кўп бўлган мамлакатлар бугунги кунда АҚШ, Саудия Арабистони, Германия, Россия, БАА, Буюк Британия, Франция, Канада ва  Австралия.

Мигрантлар ўз ватанларига ўтказган пуллар миқдори 2016 йилда 429 млрд долларни ташкил қилган. Ушбу кўрсатгич 2015 йилда 1%га, 2016-17 йилларда 2,4%га камайган.

Хусусан, жўнатилган пуллар миқдори бўйича Ҳиндистон етакчилик қилмоқда. Ушбу мамлакат меҳнат мигрантлари 62,7 млрд $ маблағ ўтказган. Хитой – 61 млрд, Филиппин — 29,9 млрд, Мексика - 28,5 млрд, Покистан - 19,8 млрд, Нигерия - 19 млрд.