Путин: Террорчиликка қарши кураш учун ҳамкорликларни янада кенгайтириш лозим
-
Путин: Террорчиликка қарши кураш учун ҳамкорликларни янада кенгайтириш лозим
“Биз ҳам сизларни ўз вақтида хабардор қилиш учун барча ишни амалга оширамиз. Ва сиз билан бирга, шу пайтгача бўлгандек, давлатларимиз ва одамларимиз хавфсизлигини таъминлаш учун барча зарурий тадбирларни амалга оширамиз”, деб таъкидлаб ўтган Путин.
Россия президенти Владимир Путин МДҲ давлатлари хавфсизлик идоралари ва махсус хизматлари раҳбарлари билан сешанба куни учрашди. Бу ҳақда Ирна ахборот агентлиги хабар берди.
“Айтишни истардимки, хавфсизлик идоралари ҳамиша, шу жумладан халқларимиз учун мураккаб вақтларда ҳам жуда муҳим давлат вазифаси – мамлакат манфаатларини ва унинг фуқароларини ташқи тажовузлар, турли хил суистеъмолликлар, террорчилик, уюшган жиноятчиликдан ҳимоя қилган ва жиддий йўқотишларга учраган”, деб айтди Путин учрашув бошида.
Учрашув давомида Путин МДҲ давлатлари Сурияда ИШИД террорчилари яксон қилингандан кейин қолган бошқа террорчилар қаерга қайтиши ва қочишига бефарқ эмаслигини таъкидлаб ўтди.
“Террорчиликка келсак, бу ерда сизга ҳеч нарса айтиш шартмас, сиз ҳаммасини ўзингиз ҳам яхши биласиз. Бу йўналишлар бўйича айнан сизлардан зарур маълумотларни оламиз. Биз учун бу борада нима юз бераётганини кузатиш жуда муҳимдир. Дунёда вазият жуда кескинлашиб кетди ва сизга маълум бўлгандек, Россия қуролли кучларининг Суриядаги самарали ҳаракатларидан кейин бу террорчилар қаерга қайтиши ва қочишига биз бефарқмасмиз. Биз бу газандалар қаерга кўчиб ўтаётганини тушунамиз ва бу “кўчиб ўтишлар” давлатларимиз ва халқларимиз учун қандай хавф туғдиришини биламиз. Шунинг учун бу борада ҳамкорлик қилишимиз муҳимдир”, деб ўз сўзларини давом эттирган Путин.
Россия президенти махсус хизматлар раҳбарларига ҳамкорлик ва тақдим қилинаётган маълумотлар учун миннатдорлик билдирди.
Шунингдек, «Афғонистон жангарилар тўпланаётган асосий марказга айланмоқда, бу ерда ИШИД террорчилик гуруҳи позициялари бор ҳамда айнан шу ердан террорчилар МДҲ мамлакатлари ҳудудига кириб олиш имкониятига эга».
Бу ҳақда Россия Федерал хавфсизлик хизмати директори Александр Бортников МДҲга аъзо мамлакатлар хавфсизлик органлари ва махсус хизматлари раҳбарлари Кенгашининг йиғилишида чиқиш қилиб айтиб ўтди.